November 11, 2022

11 ноябрь – "Касаба уюшмалари куни" муносабати билан Шўртан газ кимё мажмуасида "Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик" шиори остида бир қатор спорт мусобақалари ва байрам тадбири бўлиб ўтди

2020 йилнинг 23 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди ва 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни этиб белгиланди. Шу кунларда Республикамиз бўйлаб касаба уюшмалари ходимлари учун тарихий кунга айланган байрамнинг икки йиллиги кенг нишонланмоқда.

Жумладан Шўртан газ кимё мажмуасида ушбу байрам асносида "Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик" шиори остида бир қатор спорт мусобақалари ва байрам тадбири бўлиб ўтди. Дастлаб мажмуа ишчи- ходимлари ўртасида аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида 100 метрга югуриш, шахмат, волейбол спорт турларидаги мусобақалар ҳамда уюшманинг цех, хизмат, бўлим ва тармоқларида фаолият олиб бораётган касаба уюшма қумитаси етакчилари ўртасида мини футбол мусобақаси бўлиб ўтди.

Аёллар ўртасида яккаликда 100 метрга югуриш мусобақаларида:

Шўртан газ кимё мажмуаси тасарруфидаги "Яшил макон"МЧЖ ходимаси - Очилова Маҳбуба 1-ўринни;

Шўртан газ кимё мажмуаси тасарруфидаги "Яшил макон"МЧЖ ходимаси - Соатова Мехинбону 2-ўринни;

Шўртан газ кимё мажмуасининг Атроф муҳит муҳофазаси хизмати ходимаси Нормуродова Ойхумор 3-ўринни қўлга киритишди.

Шахмат бўйича бўлган мусобақада:

1-ўринни ШГКМ ишлаб чиқариш қувватини кенгайтириш лойиҳаси гуруҳи аъзоси - Жуманазарова Тамара;
2-ўринни Завод марказий лабораторияси лаборанти - Эгамшукурова Ҳабиба;
3-ўринни ШГКМ Поликлиникаси ҳамшираси - Файзуллаева Гулзода қўлга киритдилар.

Волейбол бўйича аёллар ўртасида бўлиб ўтган мусобақаларда:

1-ўринни ШГКМнинг Уй-жойдан фойдаланиш хизматининг аёллар жамоаси;
2-ўринни ШГКМнинг Кўкаламзорлаштириш тармоғининг аёллар жамоаси; 3-ўринни ШГКМнинг Маъмурий бошқарув аппарати аёллар жамоаси эгаллашди.

Тадбирнинг иккинчи кунида, мажмуанинг фаоллар залида бўлиб ўтган спорт мусобақаларининг ғолибларини тақдирлаш маросими ва бадиий қисм ташкиллаштирилди. Даставвал, тадбирни очиб бериш учун сўз навбати ШГКМ бошланғич Касаба уюшма қўмитаси раиси Тўракулов Азамат Исматуллаевичга берилди. Касаба уюшма қўмитаси раиси ўз сўзининг аввалида шу тизимда фаолият юритаётган барча ишчи-ходимларни, касаба уюшма қўмитаси ходимлари ва фаолларини бугунги байрам билан табриклади ва ўзининг самимий тилакларини билдиргани ҳолда, Касаба уюшма қўмитасининг бошланғич ташкилоти томонидан йил бошидан айни кунларга қадар бажарилган ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтди.

Сўнг Мажмуа бошқарув аппарати ходимларидан вакиллар сўзга чиқиб, йиғилганларни қизғин табриклагани ҳолда уюшманинг келгуси фаолиятига омадлар тилашди.

Бадиий кечанинг кейинги қисми спорт тадбирлари ғолибларини тақдирлаш маросими билан давом этиб, сўнг Авиация билим юрти ҳузуридаги эстрада оркестрининг дилтортар мусиқалари билан ўз якунига етди.

Таъкидлаш жоизки, Шўртан газ кимё мажмуаси Касаба уюшма қўмитаси томонидан ишчи-ходимларни бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари ва уларни маънавий ҳордиқ чиқаришлари, шунингдек, ишчи-ходимларга қўшимча қулайликлар яратиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида спорт мусобақалари, интеллектуал беллашувлар, маънавий-маданий тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб борилаётганлиги ишчи-ходимларнинг ўз касбига фидойи бўлиб хизмат қилишларида муҳим аҳамиятга эга.

Мажмуа маъмурияти ва кўп минг сонли ишчи-ходимлари номидан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Касаба уюшма қўмитаси ходимлари ва фаолларини бугунги байрам билан чин қалбдан табриклаймиз ва келгуси фаолиятларида улкан зафарлар тилаб қоламиз!

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|