Шўртан газ кимё мажмуасида йил сарҳисоби
Шўртан газ кимё мажмуасида 2021 йил якуни бўйича тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори Шухрат Асланов мажмуа ишчи-ходимларини кириб келаётган янги 2022 йил билан самимий табриклаган ҳолда, 2021 йилда мажмуа томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган ютуқлар сарҳисоб қилинди.
Тадбир давомида "Энг интизомли жамоа", "Энг самарадор жамоа", "Энг фаол жамоа" ҳамда "Йил ходими" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
2021 йилнинг "Энг интизомли жамоа" номинацияси бўйича Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизмати жамоаси, "Энг самарадор жамоа" номинацияси бўйича Капитал қурилиш хизмати ва Қурилиш монтаж таъмирлаш бошқармаси жамоаси, "Энг фаол жамоа" номинацияси бўйича Автотранспорт билан таъминлаш хизмати жамоаси ҳамда "Йил ходими" номинацияси бўйича Ташқи сув таъминоти цехи бошлиғи Ўткир Нормуродов эътироф этилди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг, мажмуада ишчи-ходимларининг фаоллигини янада ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш ва ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш мақсадида мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
“Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг финал босқичида мажмуанинг энергия манбалари билан таъминлаш бўлимига кирувчи цехлардан ташкил топган "ENERGY" жамоаси, Маиший хўжалик хизматининг "DUGONALAR" ҳамда "Қаршитермопласт" цехи ва цех поликлиникаси ходимларидан ташкил топган "DINAMIT" жамоалари турли шартлар асосида ўзларининг маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этишди.
Ҳажвий саҳна кўринишлар билан қатнашган жамоаларнинг чиқишлари томошабинларнинг олқишлари билан қарши олинди ва ҳажвий жанрларга бой бўлган беллашувда кичик фарқ билан "DINAMIT" жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
"Қувноқлар ва зукколар" кўрик танловида қатнашган жамоаларга пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.