Фарзанд камоли – ота-она иқболи
Ҳар қандай ота-она фарзандларини муваффақиятли инсон бўлишини истайди, фарзандларимиз биздан яхшироқ ва бахтлироқ бўлиши керак деган ғоя инсоният ривожланиши учун асосий рағбат бўлган бўлса не ажаб.
Фарзанд – оиланинг қувончи, ота-онанинг таянчи, жамиятнинг ҳаётбахш кучи. Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий болани «меҳри анбар» - уйни ёритадиган ва оилага бахт-қувонч келтирадиган нур деб ҳисоблаган эди. Дарҳақиқат, фарзанднинг хар бир ютуғи ота-онанинг юрагини тоғдек кўтаради, фахр ва ғурур туйғуларини вужудга келтиради.
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи смена бошлиғи Мейлиев Ғофур Гулбоевеч ҳам фарзанди Гулбоева Сабринанинг эришаётган ютуқлари ортидан ана шундай фахр ва ғурур туйғуларини ҳис қилмоқда.
Сабрина 2022 йил Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот-технологиялари университетининг Қарши филиали “Телекоммуникация технологиялари” йўналишига ўқишга қабул қилинди.
Сабрина оилада олган тарбияси ва ўзидаги қатъият натижасида телекоммуникация технологиялари соҳаси бўйича астойдил изланишга киришди. Бу хатти-ҳаракатлар кўп ўтмай ўз натижаларини кўрсата бошлади ва 2023 йилда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган "Йил талабаси" кўрик танловининг университет босқичида “Йилнинг ўз мутахассислиги бўйича энг билимдон талабаси” номинацияси ғолиби бўлди.
Шунингдек, Сабрина Гулбоева ҳозирга қадар 9 та халқаро илмий-амалий конференцияларда ўзининг илмий мақолалари билан иштирок этиб, халқаро сертификат ва дипломларни олишга эришган.
Бундан ташқари, 2023 йилда “ЭММХ” Қашқадарё вилояти электромагнит мослашув хизмати ходимлари томонидан иқтидорли талабаларни танлаб олиш ва ишга жалб қилиш мақсадида ўтказилган суҳбат чоғида, университетнинг кўплаб талабалари орасидан 2 нафар номзодни танлаб олишди. Ўша 2 та омадли талабадан бири ҳам айнан Гулбоева Сабрина Ғофур қизи бўлди.
Ота учун фарзанд тарбияси унинг камолоти ва ҳар бир эришган ютуқларини кўришдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Шундай бахтли ота-оналаримиз кўпаяверсин, биз эса уларнинг ютуқлари билан бўлишишда давом этаверайлик.
Сабрина Гулбоеванинг келгуси фаолиятига ҳам улкан зафарлар тилаб қоламиз!