“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехидаги Суюқ ишқор тайёрлаш қурилмасида ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехидаги Суюқ ишқор тайёрлаш қурилмасини мажмуа ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватини ошириш мақсадида модернизация ишлари амалга оширилмоқда.
Мажмуада ўрнатилган Суюқ ишқор тайёрлаш қурилмаси “УзНИПИ нефтегаз” компанияси томонидан 2000 йилда лойиҳаланган бўлиб, “Муборакнефтгазмонтаж” АЖ томонидан 2001 йилда қурилган ва шу йили ишга туширилган. Унда, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун харид қилинган каустик сода кимёвий реагентидан суюқ ишқор тайёрланади ва Этилен ишлаб чиқариш цехининг пиролиз газини сиқиб ҳайдаш, ишқор билан тозалаш, ишлатилган ишқорни оксидлаш ва нейтраллаш қурилмасида пирогаз таркибидаги нордон газлардан тозалаш мақсадида фойдаланилади.
Суюқ ишқор тайёрлаш қурилмаси Е-1(1м3) суюқ ишқор тайёрлаш идиши, Е-2(3м3) сақлаш идиши ва Е-3(3м3) буғ конденсат совитиш идишларидан иборат. Қурилмада кун давомида икки тонна суюқ ишқор тайёрланади.
Юқорида келтирилган қурилма орқали ишлаб чиқарилган эритма ҳозирги кунга қадар фақат мажмуа эҳтиёжи учун ишлатилиб келинган бўлса, эндиликда "Uzbekistan GTL" МЧЖ ни ҳам суюқ ишқор эритмаси билан қисман таъминлаш имкониятларини яратиш мақсадида ушбу қурилмани янгилаш ва ишлаб чиқариш қувватини оширишга эҳтиёж сезилди. Шу сабабдан ушбу қурилмани жадал модернизация қилиш орқали, қурилмадаги маънан эскирган ускуналарни янги замонавий ускуналарга алмаштириш ишлари бошланди.
Бунинг учун жорий йилнинг 17 январь кунида бўлиб ўтган “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ илмий техник кенгаши йиғилишида суюқ ишқор тайёрлаш қурилмасини ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва қайта жиҳозлаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Мажмуа конструкторлик гуруҳи билан лойиҳа ҳужжатлари амалга оширилди. Бундан кўзланган асосий мақсад мажмуада мавжуд суюқ ишқор тайёрлаш қурилмасини ички имкониятлардан келиб чиқиб қисқа муддатда модернизация қилиш орқали қурилма қувватини оширишдир.
Айни дамда қурилманинг кузатувчилар хонасини таъмирлаш ва қайта қуриш ишлари жадал олиб борилмоқда. Ишқор тайёрлашга ва сақлашга мўлжалланган идишлар механик таъмирлаш цехига олиб келиниб қайта жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, қабул қилинган лойиҳа ҳужжатларига асосан керакли жиҳозларга буюртмалар берилган ва иш кўламига қараб уларни олиб келиш ишлари давом этмоқда.