December 8, 2022

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда "Коррупция иллатига қарши биргаликда курашамиз" мавзусида тадбир бўлиб ўтди

9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ фаоллар залида завод ишчи-ходималари учун "Коррупция иллатига қарши биргаликда курашамиз" мавзусида тадбир ўтказилди.

Учрашувда, мажмуа Бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Халимов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилоят Бошқармаси бўлим бошлиқлари Л.Тулқинов, Т.Қурбонов, Н.Эшқобилов, "Ўзбекнефтгаз" АЖ молиявий ва комплаенс назорат департаменти комплаенс назорат бўлими ҳудудлар билан ишлаш гуруҳи "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ бўйича бош комплаенс инспектори А.Шарипов, мажмуа Касаба уюшма қўмитаси раиси А.Туракулов, мурожаатлар билан ишлаш ва ижро назорати хизмати бошлиғи У.Хонқулов ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишди.

Тадбирда, мажмуа Бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Халимов Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сон Фармони ва “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5177-сон Қарорига алоҳида тўхталиб ўтдилар.

Ташкил этилган учрашувда меҳмон сифатида таклиф этилган Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Қашқадарё вилоят Бошқармаси бўлим бошлиқлари томонидан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар борасида қисқача тўхталиб ўтиб, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлсада, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлишини таъкидлашди.

Учрашув давомида "Ўзбекнефтгаз" АЖ молиявий ва комплаенс назорат департаменти комплаенс назорат бўлими ҳудудлар билан ишлаш гуруҳи "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ бўйича бош комплаенс инспектори А.Шарипов сўзга чиқиб, мажмуада коррупциоген ҳолатларни олдини олиш, юзага келиши мумкин бўлган шу каби ҳолатларни профилактика қилиш борасида мажмуада ишлаб чиқилган ва тасдиқланган "Йўл харита"си ва чора-тадбирлар режаси дойирасида бажарилаётган ишлар хусусида ҳисоботлар тингланди. Таъкидландики айни кунларга қадар комплаенс хизмати махсус бўлим, юридик хизмат, иқтисодий комплекс ва мажмуанинг барча цех, хизмат, тармоқ ва бўлимлар ходимлари билан ҳамкорликда 20 дан ортиқ ўқув семинар - тренинг машғулотлари ҳамда 10 дан ортиқ давра суҳбатлари ўтказилиб, ходимларнинг огоҳлик даражалари ортишига эришилди ва ҳуқуқий саводхонликлари оширилди. Шунингдек, мажмуанинг Персонални бошқариш хизмати ходимлари билан ҳамкорликда манфаатлар тўқнашувини олдини олиш борасида ишчи-ходимлардан декларациялар ва Аноним сўровномалар олиниб келинмоқда. Мажмуанинг иқтисодий ҳолатини яҳшилаш борасида Бош директор ўринбосари Ж.Халимов бошчилигида корхонада дебитор қарздорликларни қисқартириш, шу жумладан муддати ўтган дебитор қарздорликларни сўндириш бўйича Юридик хизмат ва бухгалтерия ҳисоби бўлимининг бош мутахассисларидан ташкил топган ишчи гуруҳ шакиллантирилди ва амалий ишлар олиб борилмоқда. Мазкур ишчи гурух аъзолари билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 11 ойи давомида муддати ўтган дебитор қарздорлик 35 % га қисқартирилиб, бу борада амалий ишлар давом этмоқда деб таъкидланди.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслигини талаб этилади. Бунга қарши курашишда эса аввало аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим ҳисобланади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|