ERP тизим нима?
ERP тизимлар замонавий бизнес учун бош оғриғими ёки заруратми?
Ушбу мақолада ERP (Enterprise Resource Planning System) тизимлари ҳақида маълумот берилади.
ERP сўзи инглизча Enterprise Resource Planning System сўзларининг бош ҳарфидан олинган бўлиб, "корхона ресурсларини режалаштириш тизими" деган маънони билдиради. Дейлик бир корхона қандайдир маҳсулот ишлаб чиқаради. Ушбу маҳсулотни ишлаб чиқаришда корхона ичидаги бир қанча бўлимлар, цехлар ва бошқа корхонани ташкил этивчи қисмларини иштирокини талаб қилади. Яъни корхона бўлимларининг функциялари ва бошқа имкониятларини қандайдир компьютер тизимида шакллантириш зарурати туғилади. Айнан шу тизим орқали корхонадаги ҳақиқий вазиятни кузатиш ва бошқариш мумкин.
Масалан, омборхонада қандайдир хом-ашё кам миқдорда қолган, ва агар яна худди шундай хом-ашё келтирилмаса, корхона маълум муддатдан сўнг ишлашдан, маҳсулот ишлаб чиқаришдан тўхтаб қолади. Бу эса корхона учун жуда катта моддий зиён келтириб чиқариши мумкин. Айнан шундай ҳолатларда ERP тизимлар ёрдамга келади. Ушбу тизимга корхонанинг ҳар битта бўлими уланади ва бу тизим ёрдамида корхона бўлимлари ўртасида доимий маълумот алмашинуви жараёни содир бўлади.
Юқоридаги ҳолатда ERP тизим ёрдамида муаммо қандай ҳал қилинади?
Ушбу ҳолатда корхонанинг хом-ашёларни етказиб бериш билан шуғулланувчи бўлими омборда хом-ашёдан қанча қолганлигини аниқлайди. Кейин у корхонадаги маҳсулот ишлаб чиқариш бўлими ёрдамида (уларни маҳсулот ишлаб чиқариш тезлигини билган ҳолда), омборда қолган хом-ашё қанча муддатга етишини ҳисоблашади ва ишлаб чиқариш бўлими маълум вақт тўхтовсиз ишлаши учун (ёки корхонага тушган буюртмаларни бажариш учун) яна қанча хом-ашё керак бўлиши ҳисоблаб чиқишади. Сўнг улар хом-ашё етказиб берувчи бошқа корхоналар билан боғланиб керакли хом-ашёларни буюртма беришади.
ERP тизимлар бошқа тизимлардан нимаси билан фарқланади?
Кўп ҳолларда ERP тизимларни маълум бир вазифани бажарувчи бошқа дастурий таъминот воситалари билан алмаштириб қўйишади. Масалан, ERP тизимларни CRM (Customer Relationship Management) тизими билан ёки ERP тизимларни бухгалтерия ва солиқ дастурлари билан бир хил дастур деб ҳисоблашади. ERP тизимларнинг асосий бошқа тизимлардан асосий фарқи, ERP тизимлар корхона ресурсларини бирон-бир қисмини эмас, балки унинг барчасини бошқариш учун мўлжалланган. Яъни қуйидагича санаб чиқиш мумкин:
корхонанинг барча бўлимлари вазифалари ва маълумотлар базаларини интеграция қилади, бирлаштиради;
корхонани яхлит ахборот-дастурий тизимга бирлаштиради;
корхонадаги ҳар қандай муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.
ERP тизимлар корхона фаолият олиб боришига қандай ёрдам бера олади?
ERP тизимлари корхона учун муқобил ечим бўлиб, бунда корхона масштаби, унда филиаллар бор-йўқлиги ва уларни бир-биридан қанчалик узоқда жойлашгани муаммо туғдирмайди:
корхона ичида бўлимлари ўртасидаги ҳужжатлар алмашинувини тезлаштиради;
ахборот ва маълумотларни тезкорлик билан кўриш имконини беради;
бошқа жойда ишловчи бўлимлар, филиаллар ва ходимларни самарадор бошқариш учун хизмат қилади.
Корхонадаги барча молиявий ишларни яхлит тизимга бирлаштириш
Корхона раҳбари корхона фаолияти бўйича молиявий маълумотларни кўрмоқчи бўлса, у корхона бўлимлари тайёрлаган кўплаб ҳисоботларни олиши, ўрганиши мумкин. Чунки корхонадаги ҳар битта бўлим ўз ҳисоботини юритади ва бу билан улар умумий фаолиятга маълум бир миқдорда ўз ҳиссаларини қўшишади. Демак, корхонадаги айнан бирон бўлим қанчалик самарадор ишлаётгани, у фойда келтиряптими ёки зиёнга ишлаяптими аниқлаш ERP тизимлари орқали жуда осон ва аниқ кечади. Чунки корхонада маълумотлар базаси ягона бўлиб, бирон-бир бўлим ёки ходим ундаги маълумотларни ўзбошимчалик билан деярли ўзгартира олмайди.
ERP тизимлар орқали ишлаб чиқариш жараёнига стандартларни жорий этиш
Бу имконият катта корхоналарда жуда зарур бўлиб, бунга сабаб корхонанинг филиаллари ва бўлимлари бир-биридан узоқда жойлашган бўлади. Бундай ҳолларда ҳар бир филиал ёки бўлим иш жараёнини бошқариш учун ҳар хил турдаги дастурий таъминотлардан фойдаланиши мумкин ва бунда жуда кўплаб чалкашликлар ва муаммолар юзага келади. Шу муаммоларни ҳал қилиш (олдини олиш) учун ERP тизимлар ишлатилади. Интернет тизими орқали керакли маълумотни ҳеч қандай қийинчиликларсиз олиш мумкин.
ERP ёрдамида ходимларни бошқариш тизимида стандартларни жорий этиш
ERP тизимларида ҳамма вазифаларни ходимлар билан бирлаштириш имконияти мавжуд бўлиб, улар ёрдамида ходимларни танлаб олиш, уларни қайта тайёрлаш, уларни келажакдаги профессионал ривожланишларини белгилаб қўйиш мумкин. Бундан ташқари, ERP тизимлар орқали ҳар битта ходим иш фаолиятини самарадорлигини ҳисоблаш(аниқлаш) мумкин.
ERP тизимни қачон жорий этиш керак?
ERP тизимларни корхоналарга татбиқ этиш корхона фаолият олиб борадиган соҳага боғлиқ. Кичикроқ, "оддий" корхона янги фаолиятини бошлагандан дарров у корхонада ERP тизимни жорий этиш шарт эмас. Корхона ичида яратиладиган барча ҳужжатлар оддий офис дастурлари ёрдамида яратилади (ва улар оддий мессенжерлар ёрдамида тезкорлик билан корхона ичида бошқа бўлимга, ходимга юборилади).
Лекин корхона фаолияти катталашиб боргани сари, юқорида келтирилган вазифалар, жараёнлар кўпайиб боради. Ва бунда корхона ичидаги бўлимлар (кадрлар, бухгалтерия ва бошқалар)да ўзларини ички маълумотлар базаси пайдо бўлиши ва улар катталашиши бошланади. Шу кетишда, улар корхона бўлимлари ўртасидаги ахборотлар алмашинувини қийинлаштиради ва секинлаштиради.
Бундай ҳолларда бошқарув самарадорлигини ошириш, ресурсларни оптималлаш ва тўғри тақсимлаш, ишлаб чиқариш тезлигини ошириш жуда қийин вазифа ҳисобланади. Ва ёрдамга ERP тизимлар келади. ERP тизим корхона ёки компания ичида ягона, яхлит маълумотлар базасини шакллантиради. Ва юқорида келтирилган муаммоларни ечиш, иш жараёни оптималлаш, самарадорликни аниқлаш ва уни яхшилаш учун хизмат қилади.