April 28

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда "Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни"га бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йилдан буён ҳар йили 28 апрель — "Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни" сифатида кенг нишонланади. Ушбу сана бутун дунё бўйлаб меҳнат муҳофазаси маданиятини ошириш, иш ўринларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга қаратилган.

Шу муносабат билан, бугун “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда "Иш жойида сунъий интеллект ва рақамлаштиришнинг ўрни" мавзусида меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлигини таъминлаш масалаларига бағишланган тадбир ташкил этилди. Тадбирда мажмуа маъмурияти, Касаба уюшма қўмитаси вакиллари, шунингдек, барча цех, хизмат ва бўлимлардан ишчи-ходимлар фаол иштирок этдилар.

Тадбирда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори ўринбосари Ш.Эшмуродов сўзга чиқиб, меҳнат муҳофазаси соҳасида рақамлаштириш ва замонавий технологиялардан, хусусан сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали иш ўринларида хавфсизликни ошириш имкониятлари ҳақида сўз юритди. Шунингдек, меҳнат муҳофазаси фақат қонуний талаб эмас, балки ҳар бир ходимнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилишда асосий омил эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси бошлиғи У.Ҳайдаров эса ўз чиқишида рақамли назорат тизимлари ва автоматлаштирилган мониторинг воситалари орқали иш жараёнидаги эҳтимолий хавфларни олдиндан аниқлаш ва бартараф этишнинг аҳамиятини таъкидлади. Шу билан бирга, у меҳнат муҳофазасини такомиллаштиришда сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланишнинг истиқболлари ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбир давомида Соғлиқни сақлаш ва меҳнат муҳофазаси хизмати фаолиятига бағишланган махсус видеолавҳалар намойиш этилди. Хусусан, мажмуа матбуот хизмати ва бошқарма ходимлари ҳамкорлигида тайёрланган, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаслик оқибатларини ёритувчи таъсирли видеороликлар иштирокчиларда иш хавфсизлигига нисбатан янада онгли ёндашиш ва масъулият ҳиссини кучайтиришга туртки бўлди.

Тадбир якунида эса Мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси ташаббуси билан меҳнат муҳофазаси соҳасида намунавий фаолият кўрсатган, хавфсиз меҳнат шароити яратишда рақамли ёндашувларни жорий этган ҳамда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя этаётган бир гуруҳ ишчи-ходимлар махсус эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ушбу тадбир “Шўртан газ кимё мажмуаси”да меҳнат муҳофазаси ва саноат хавфсизлигини янада юксалтириш, рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда хавфсиз меҳнат маданиятини шакллантириш йўлида муҳим қадам бўлди.

Тадбирдан фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|