January 18, 2023

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда "GTL 220/35/10 kV" подстанция цехи ташкил этилди

Республиканинг иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган талабини тўлиқ қоплаш, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини тақсимловчи корхоналарга узатишнинг ишончлилигини ошириш мақсадида, жамият тассаруфидаги электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Хусусан, “Шўртан ГКМ” МЧЖда ташкил этилган “GTL 220/35/10 кV" подстанцияси шулар жумласидан ҳисобланади.

“GTL 220/35/10 кV" подстанцияси «Ўзэлектроаппарат", “Power elektro group” ва Хитойнинг “Хуосун” компаниялари билан ўзаро ҳамкорликда барпо этилган бўлиб, "Uzbekistan GTL "МЧЖ заводини ташқи электр таъминоти билан таъминлабгина қолмасдан, "Uzbekistan GTL" МЧЖ заводидаги буғ турбинали электр генераторлари орқали ўз эҳтиёжидан ортиқча ишлаб чиқариладиган электр энергиясини "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" АЖ га етказиб бериш ва реализация қилишда магистрал электр тармоқлари билан узвий боғловчи подстанция ҳисобланади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув Раисининг 2022 йил 7-ноябрдаги “Шўртан НГҚЧБ ва Шўртан газ кимё мажмуасида ўтказилган сайёр йиғилиш" баёни топшириқлари асосида “GTL 220/35/10 кV" подстанцияси “Шўртан ГКМ” МЧЖ балансига қолдирилиб, "GTL 220/35/10 кV" подстанция цехи сифатида ташкил этилди.

Бугунги кунда ушбу подстанцияда "Миллий электр тармоқлари" АЖ га қарашли подстанцияларда тажриба орттирган ва "Ўзбекнефтегаз" АЖ таркибидаги корхоналарнинг малакали мутахассислари фаолият олиб боришмоқда.

Шу билан бирга "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Персонални бошқариш (HR) хизмати билан ҳамкорликда подстанция цехи учун иқтидорли ёш кадрлар саралаб олинган бўлиб, ҳозирда улар малакали мутахассислар билан бирга ўз тажрибаларини оширмоқдалар.

Келажакда "GTL Uzbekistan" МЧЖ заводининг генераторларида ишлаб чиқарилган электр энергияни "GTL 220/35/10 кV" подстанция цехи орқали мажмуа технологик ҳудуди электр таъминоти учун узатиш режалаштирилган. Бу "Ўзбекнефтегаз" АЖ таъсисчилигидаги корхоналар ўртасида электр энергиясини тўғридан-тўғри олди-сотдисини йўлга қўйиш имконини беради.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|