February 15, 2023

Шўртан газ кимё мажмуаси касаба уюшма қўмитаси томонидан 2022 йилда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди

Сўнги йилларда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар касаба уюшмалари ҳаётида, ташкилий тузилмаларида ҳам ўз аксини топмоқда. Бугунги кунда замонавий касаба уюшмалари ҳаракати ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишда, конструктив мулоқот ва ижтимоий шерикликни йўлга қўйишда асосий рол ўйнашга қодирлигини намойиш этмоқда.

Хусусан, ўтган 2022 йилда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бошланғич касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасидаги ижтимоий шерикчиликни ривожлантириш, меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат муҳофазаси, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошларини ўз вақтида тўланишини назорат қилиш, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ишларини юритиш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ўтган 2022 йилда 2930 нафар ишчи-ходимга республика ҳудудида жойлашган турли хилдаги сиҳатгоҳларга имтиёзли йўлланмалар ажратилди. Ходимларнинг фарзандларининг ўқув-контрактлари учун 372 нафар, “Covid-19” вируси билан зарарланганлиги учун 28 нафар, ходимлар ҳамда уларнинг фарзандларининг никоҳ тўйлари муносабати билан 334 нафар, фарзандининг суннат тўйи муносабати билан 175 нафар, яқин қариндошлари вафот этганлиги муносабати билан 126 нафар ходимларга, шунингдек 6 нафар ходимнинг вафот этганлиги муносабати билан уларнинг оила аъзоларига моддий ёрдам ажратилди. Соғликларини тиклаш учун 805 нафар ходимларга Республикамиз ҳудудидаги турли йўналишда фаолият олиб борувчи шифохоналарга йўлланмалар ажратилди. Ходимлар юбилей ёшига етишлари ҳамда ёшга доир пенсияга чиқишлари муносабати билан 36 нафар ходимларга бир марталик моддий рағбатлантириш ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Меҳнат фаолиятини олиб бораётган 139 нафар ходимга юбилей саналари муносабати билан моддий ёрдам кўрсатилиб, рағбатлантириш ишлари амалга оширилди. Шунингдек, тизимда узоқ йиллар меҳнат қилиб ва ҳозирда нафақада бўлган меҳнат фахрийлари ҳолидан ҳам мунтазам равишда хабар олинмоқда.

2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” Давлат дастури доирасида мажмуада меҳнат қилаётган 220 нафар ишчи-ходим учун “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” шиори остида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шахрисабз каби тарихий ва замонавий шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.

Ёзги таътил даврида ишчи-ходимлар фарзандларининг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун мажмуага қарашли Шахрисабз шаҳридаги “Лочин” Болалар дам олиш оромгоҳида мажмуа ходимларининг жами 4000 нафар фарзандлари мароқли дам олдирилди. Шунингдек “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви ва Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг қўшма қарорга асосан, кам таъминланган, боқувчиси йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногирон ва меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларнинг 173 нафари ҳамда Қорақапоғистон Республикаси Оролбўйи минтақасидан 200 нафар болалар соғломлаштирилди.

Мажмуада меҳнат фаолиятини олиб бораётган ишчи-ходимлар ҳамда уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ёш авлоднинг жисмоний бақувват ва маънавий рухда тарбиялаш, спорт турлари билан шуғулланишларини кенг йўлга қўйиш, спортнинг оммавийлигини таъминлаш борасида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, мажмуа маъмурияти билан ҳамкорликда спортнинг Мини-футбол, шахмат, шашка, волейбол, қувноқ стартлар турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

“Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари куни” байрами муносабати билан мажмуада “Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик” шиори остида турли хилдаги спорт тадбирлари ташкил этилди. Тадбир доирасида мажмуага қарашли цех, тармоқ, хизмат ва бўлимлардаги касаба уюшма қўмитаси етакчилари ўртасида спортнинг мини-футбол тури бўйича мусобақа, мажмуа хотин-қизлари ўртасида волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси мусобақалари ўтказилди. Касаба уюшма қўмитаси фаоллари, меҳнат фахрийлари учун концерт дастури ташкил этилди ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Ўтган йилда маданий-маърифий тадбирлар йўналишида ҳам бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, баҳорнинг илк байрами 8-март - “Халқаро хотин-қизлар куни”ни муносиб нишонлаш мақсадида аёллар жамият маблағи ҳисобидан моддий рағбатлантирилиб, касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилиб, маданий-маърифий концерт дастурлари ташкил этилди.

“Наврўз” умумхалқ байрами арафасида ходимлар учун "Ассалом Наврўз - янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!" деб номланган Наврўз сайли ташкил этилди. Сайл кўринишида кун давомида бўлиб ўтган турли маданий-маърифий чиқишлар ва спорт мусобақалари ишчи-ходимларга ростманасига маданий хордиқ чиқариш имконини яратди.

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллиги байрами муносабати билан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида "Истиқлол байраминг муборак бўлсин, она диёрим!" деб номланган байрам тадбири ташкил этилди.

1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан мажмуада узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб, устоз мақомига эришган ва ҳозирда нафақада бўлган меҳнат фахрийлари учун байрам тадбири ташкил этилди.

Шунингдек, мажмуа маъмурияти, мажмуа хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ШГКМ бошланғич ташкилоти билан ҳамкорликда ходимларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказишлари, уларни маънавий озуқа олишлари мақсадида турли мавзуларда форумлар, интеллектуал шоулар, қувноқлар ва зукколар кўрик танловлари каби тадбирлар йил давомида ташкиллаштириб борилди.

Шуни таъкидлаш жоизки, корхонада ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш уларнинг меҳнатини алоҳида эътироф этиш, моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш каби масалалар касаба уюшма ташкилотнинг биринчи галдаги вазифасидир. Шу боисдан касаба уюшма қўмитаси, корхонада меҳнат қилаётган ҳар бир ишчи-ходимнинг манфаати йўлида хизмат қилишга доим тайёр. Келгусида касаба уюшма ташкилоти томонидан иш берувчи билан биргаликда бир қанча янада ижобий ишларни амалга оширилиши режалаштирилган.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|