“Шўртан ГКМ” МЧЖда “Барқарор тараққиёт келажак асоси” шиори остида байрам тадбири ўтказилди
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ фаоллар залида Ўзбекистон Экологик партиясининг 5 йиллиги муносабати билан “Барқарор тараққиёт келажак асоси” шиори остида байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбарияти ва ишчи-ходимлари, эколог олимлар, вилоятдаги нуронийлар, Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши мутасаддилари, вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилоти раислари, депутатлар, "Аёллар ва ёшлар қаноти" фаоллари, намунали БПТ раислари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда Оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбир аввалида партиянинг ўтган 5 йил давомидаги фаолияти акс эттирилган видеолавҳалар намойиш этилди.
Тадбирда сўз олган Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Б.Хафизов партиянинг Қашқадарё вилоятидаги фаолларини, кўп минг сонли аъзоларини ва тадбир иштирокчиларини партиянинг 5 йиллик байрами билан табриклади. Шунингдек, ўтган давр мобайнида бажарилган ишлар, ўтказилган йирик лойиҳалар ҳақида гапирди.
Тадбирда таъкидланишича, вилоятимизнинг 16 та туман ва шаҳарларида партия ташкилотлари фаолият олиб боради. Айни кунда жами аъзолар сони 34 минг нафарни ташкил этади. Партиянинг қуйи бўғини бўлган бошланғич партия ташкилотлари 341 тани ташкил этиб, БПТ фаолиятини такомиллаштириш, иш самарадорлигини ошириш, партия сафига янги аъзоларни қабул қилиш, аъзолик бадаллари режасини бажариш каби қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Экологик партиясининг 5 йиллиги муносабати билан партия тараққиётига қўшган ҳиссаси ва фидокорона меҳнатлари учун бир гуруҳ фаол эколог олимлар, вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, экология йўналишидаги ННТлар, "Аёллар ва ёшлар қаноти" фаоллари, партия ходимлари, фаол БПТлар, мажмуа Атроф муҳит муҳофазаси хизмати, "Шўртан яшил макон" МЧЖ, ҳамда ҳамкор ташкилот раҳбарлари ва ходимларига ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир сўнгида Халқ депутатлари Яккабоғ туман кенгашига Ўзбекистон Экологик партиясидан сайланган депутат Аслиддин Исоқов ижросидаги концерт дастури тадбир иштирокчиларига ҳуш кайфият улашди.