“Ўзбекнефтгаз” АЖ раиси ўринбосари Шўртан газ кимё мажмуасида амалга оширилаётган модернизация ишлари билан танишди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси ўринбосари О.Темиров амалга оширилаётган режали таъмирлаш ишлари ва тармоқланган бошқарув тизимини модернизация қилиш бўйича қилинаётган ишлар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳолати билан танишиш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда бўлди.
Дастлаб, технологик жараёнларининг иш самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган жорий таъмирлаш ва модернизация ишлари ҳолати ўрганилди.
- Мажмуанинг марказлашган бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари;
- Мажмуанинг узлуксиз иш режимини таъминлаб турувчи PА-6101АХ ва PА-6101BХ қозонхоналарнинг автоматлаштирилган бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари;
- Завод хавфсизлигида ўта муҳим ўрин тутувчи авария ҳолатларига қарши HIMA ҳимоя ва блокировка бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари;
- Деминералланган сув тайёрлаш қурилмасининг автоматлаштирилган бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари жойида ўрганилди.
Шунингдек, жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида “Шўртан ГКМ” МЧЖнинг фаолияти натижалари, ишлаб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилиши ҳолати таҳлил қилиниб, соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш борасидаги амалга оширилган чора-тадбирлар ижроси назоратдан ўтказилди.
Бундан ташқари, мажмуада ишчи-ходимларни иш жойига ўз вақтида ва хавфсиз етказиб келтириш ва олиб кетиш ишлари, мажмуага навбатчилик даврини ўтаётган ишчи-ходимлар учун яратилган қулай шароитлар, иситиш тизимларининг барқарор ишлашини таъминлашга қаратилган барча зарурий чоралар кўздан кечирилиб, Бошқарув раиси ўринбосари томонидан мажмуа раҳбарияти ва масъул ходимларга қўшимча топшириқлар берилди.