June 3

ШЎРТАН ГАЗ КИМЁ МАЖМУАСИ ТАРИХИ МУЗЕЙИ ҚАЙТА РЕКОНСТРУКЦИЯДАН СЎНГ ЯНА ИШ ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАДИ

Мажмуамизнинг Ишчилар шаҳарчасида мўъжазгина қад кўтарган "Шўртан газ кимё мажмуаси тарихи музейи" ҳақида билмаган ёки билиб фахрланмаган мажмуа ходими бўлмаса керак.

Дунё тарихи учун бу қисқа муддат кимёвий заррачалардек аҳамият касб этсада, бироқ мажмуа тарихи учун бу давр зарҳал ҳарфлар билан битилиб, бахтли келажакка туганмас хазина қолдирган ажойиб даврдир.

Шўртан газ кимё мажмуаси тарихи музейи 2007 йилдан ўз фаолиятини бошлаган бўлиб, музей яратилиши ғояси мажмуанинг ўша даврдаги бош директори Алишер Саидаббасович Султановга тегишли.

2007 йил 25 апрель куни ушбу музейнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган ва унда мажмуани қурилишида жонбозлик кўрсатган қурувчилар, меҳнат фахрийлари, республика, вилоят, туман таълим муассасалари намоёндалари, мажмуа ишчи-ходимлари ҳамда Қашқадарё вилоятининг ўша вақтдаги ҳокими Нуриддин Зайниев иштирок этган.

Музейда жамланган барча экспонат ва жиҳозлар мажмуанинг яратилиши тарихи, ижтимоий ва маданий ҳаёти ҳамда амалга оширилган бунёдкорлик ишларини ёритиб боради.

2019 йилда мажмуа Бош директори Ш.Аслановнинг ташаббуси билан мажмуа тарихи музейида замонавий услубда қайта таъмирлаш, реконструкция қилиш ишлари бошланди ва 2024 йил 19 апрелда қайта очилиб, яна ўз фаолиятини бошлади.

Айни пайтда музей 3 қисмдан иборат бўлиб, улар “Асосий зал”, “Селфи зали” ҳамда мажмуа тасарруфидаги ижтимоий соҳа фаолиятини акс эттирувчи "Ижтимоий соҳа зали"дан иборат.

Бугунги кунда музейда мажмуага тегишли тарихий ҳужжатлар ҳамда 300 га яқин суратлар ва 200 га яқин экспонатлар мавжуд.

Музей қуйидаги 13 та бурчакдан иборат:

1. “Йил ходимлари” ва "Давлат мукофоти соҳиблари"

2. Мажмуа қурилиши тарихи

3. Мажмуа фаолиятидан лавҳалар

4. Меҳнат жамоалари

5. Сертификатлар

6. Эътирофлар

7. Маҳсулотлар

8. Мажмуа - менинг шаъним, виждоним, фахрим!

9. Олимларимиз ва ижодкорларимиз

10. "Севинч" ФК

11. "Насаф" ПФК

12. "Эркатой" МТМ, "Лочин" БСО,"Геолог" МССМ

13. "Мажмуа фидойилари"

Шунингдек, музей биносида мажмуа ишчи-ходимлари учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий кутубхона ҳам бор бўлиб, унда жами 2500 донага яқин бадиий, техник, илмий, тарихий, сиёсий, шеърий ва ҳажвий китоблар мавжуд.

Келажакда мажмуа тарихи музейи ўз фаолиятини янада ривожлантириш ва нафақат соҳа вакиллари, мажмуа ходимлари, балки уларнинг фарзандларини ҳам музей билан танишиб боришга жалб этишни ўз олдига мақсад қилган.

Шўртан газ кимё мажмуаси тарихи музейи жамоаси музей ва кутубхона фаолияти билан яқиндан танишиш учун барча ҳамкасбларимизни таклиф қилади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|