May 25

Коррупция - тараққиётга таҳдид

Коррупция дунё миқёсидаги глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, долзарб масалалар қаторидан ўрин эгаллаган.

Мамлакатимизда ҳам давлат ва жамият бошқарувининг турли соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида изчил ҳамда самарали чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Хусусан, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва унинг таркибига кирувчи корхоналар, завод-бошқармалар ва нефть базаларда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишларнинг натижадорлигини ошириш, ҳамда келгусидаги оқибатларини бартараф этиш юзасидан мунтазам равишда турли хил амалий тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 21 май куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорат департаменти вакиллари, мажмуа раҳбарияти ва ходимлари иштирокида ташкил этилган "Коррупция - тараққиётга таҳдид" мавзусидаги семинар ҳам ана шундай тадбирлардан биридир.

Семинарда коррупция тушунчаси, шакл ва сабаблари, унга қарши курашишда комплаенс-назорат тизимининг ўрни ва аҳамияти, коррупциявий хавф-хатарлар, манфаатлар тўқнашуви ва уни олдини олиш масалалари, давлат хизматчиларининг одоб-ахлоқ қоидалари каби мавзулардаги маърузалар тингланди.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунларининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди.

Тадбир якунида иштирокчилар ҳуқуқий мавзуда ўзларини қизиқтирган масалалар ва фикр-мулоҳазалар бўйича Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Молиявий ва комплаенс назорати департаменти вакилларидан жавоблар олишди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|