March 17

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ўқувчилар учун саноат ва муҳандислик соҳасига бағишланган экскурсия ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 7 июлдаги ПҚ-309-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғузор туманидаги 68-сон давлат ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари учун жорий йилнинг 14 март куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда навбатдаги экскурсия ташкил этилди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва 68-сон давлат ихтисослаштирилган мактаби ўртасидаги ҳамкорлик бир неча йилдан бери изчил давом этмоқда. Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида ҳар йили мазкур мактаб ўқувчилари учун мажмуага экскурсиялар ташкил этилмоқда. Бундай тадбирлар ёшларга ишлаб чиқариш жараёнлари, замонавий технологик ечимлар ва саноат соҳасидаги илғор амалиётлар билан танишиш имконини бермоқда.

Экскурсия давомида ўқувчилар мажмуанинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Уларга мажмуанинг малакали мутахассислари ҳамроҳлик қилиб, ишлаб чиқариш жараёнлари, газни қайта ишлаш ва полимер маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологиялари ҳақида батафсил маълумот бердилар.

Мажмуадаги юқори технологияларга асосланган қурилмалар ва ускуналар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Улар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоб олдилар ва газ-кимё саноатининг долзарб жиҳатлари ҳақида тушунчага эга бўлдилар.

Экскурсия доирасида ўқувчилар мажмуада ташкил этилган “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби" фаолияти билан ҳам танишдилар. Бу ерда улар муҳандислик соҳасидаги замонавий тенденциялар, энергетика ва газ-кимё саноатидаги илғор технологиялар ҳақида тушунчалар олдилар. Шунингдек, етакчи мутахассислар томонидан олиб борилаётган таълим жараёни билан танишиб, келажакдаги касб танлови бўйича муҳим маълумотларга эга бўлдилар.

Бундай экскурсиялар нафақат ўқувчиларда катта таассурот қолдирмоқда, балки завод ва мактаблар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Таълим ва амалиётнинг уйғунлиги эса ёш авлоднинг келажакда ишончли касб танлаши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Мазкур экскурсия барча иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди ва келгусида бундай тадбирларни мунтазам ташкил этиш режалаштирилган.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|