Шўртан газ кимё мажмуасида йил сарҳисобига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 28 декабрь куни Шўртан газ кимё мажмуасида 2023 йил сарҳисоби бўйича тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир "Шўртан ГКМ" МЧЖнинг 2023 йил якунлари бўйича ишлаб чиқариш ҳамда иқтисодий-ижтимоий фаолияти сарҳисоби акс этган видеоролик билан бошланди.
Видеоролик намойишидан сўнг мажмуа Бош директори Ш.Асланов сўз олиб, мажмуа ишчи-ходимларини кириб келаётган янги 2024 йил билан самимий табриклагани ҳолда, 2023 йилда мажмуа томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда эришилган ютуқларни эътироф этиб, 2024 йил учун мажмуа олдига қўйилган мақсад ва режалар ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг мажмуада кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзининг фидокорона меҳнати, ташаббускорлиги, ўз касбига ва ишига фидойилиги, ўз касбининг моҳир устаси ҳамда ҳамкасблари ҳурматига сазовор устоз эканлиги билан, меҳнатсеварлиги, интизомлиги ва шу билан бирга ўзига ва бошқаларга талабчанлиги билан меҳр қозонган, мажмуа ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиб, жонбозлик кўрсатиб келаётган бир гуруҳ ходимлар “Шўртан газ кимё мажмуаси меҳнат фаоли” кўкрак нишони билан тақдирланадилар.
Шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан олиб борилган ижтимоий ҳимоя соҳасидаги фаол хизматлари учун ва шу каби эзгу ишларда жонбозлик кўрсатиб келаётган бир қатор ишчи-ходимлар Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан ТАШАККУРНОМА ҳамда пул мукофоти билан тақдирланадилар.
Тақдирлаш маросими давомида 2023 йилда "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш йўлида самарали меҳнати, ташаббускорлиги, масъулиятли ва шарафли вазифани бажаришдаги фидокорона хизматлари учун ШГКМ Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Ш.Нормуродов ва бошланғич ташилотнинг оммавий тадбирлар ва спорт-саломатлик масалалари йўналиши координатори С.Халилов "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бошқаруви раиси Б.Сиддиқов томонидан юборилган ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбир давомида мажмуада анъанага айланган йилнинг "Энг интизомли меҳнат жамоаси", "Энг самарадор меҳнат жамоаси", "Энг фаол меҳнат жамоаси" ҳамда "Йил ходими" номинациялари бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
2023 йилнинг "Энг интизомли меҳнат жамоаси" номинацияси бўйича Электр таъминоти цехи жамоаси, "Энг самарадор меҳнат жамоаси" номинацияси бўйича Омборларни бошқариш хизмати ҳамда Ахборот коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш хизмати меҳнат жамоалари, "Энг фаол меҳнат жамоаси" номинацияси бўйича Мажмуа Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти меҳнат жамоаси ҳамда "Йил ходими" номинацияси бўйича СС, СХ, М ва АММХ бошқарма бошлиғи Хайдаров Улуғбек Нематович эътироф этилди.
Тақдирлаш маросимидан сўнг, мажмуада ишчи-ходимларининг фаоллигини янада ошириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш ва ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш мақсадида мунтазам равишда ташкил этиб келинаётган “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг финал босқичи бўлиб ўтди.
“Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг финал босқичида "Қаршитермопласт" цехининг "DINAMIT", Мажмуа хотин-қизларининг "QUVNOQ QIZLAR", ТСТ, ИСТ, БГҲТ, ЭТЦ нинг "ENERJY" ҳамда "ШГКМ Яшил макон" МЧЖнинг "GREEN AREA" жамоалари турли шартлар асосида ўзларининг маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этишди.
Ҳажвий саҳна кўринишлар билан қатнашган жамоаларнинг чиқишлари томошабинларнинг олқишлари билан қарши олинди ва ҳажвий жанрларга бой бўлган беллашувда кичик фарқ билан "Қаршитермопласт" цехининг "DINAMIT" жамоаси ғолибликни қўлга киритгани ҳолда "Қувноқлар ва Зукколар" кўрик-танловининг 2023 йил мавсуми чемпиони бўлди.
"Қувноқлар ва зукколар" кўрик танловида қатнашган жамоаларга мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.