November 24, 2022

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Нефть ва газ факультетида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори Шухрат Аслановнинг институт талабалари билан учрашуви бўлиб ўтди

Тадбир Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоровнинг кириш сўзи билан очиб берилди. Унда Орифжон Бозоров мажмуа ва институт ўртасида йўлга қўйилган узоқ йиллик ҳамкорлик ҳақида қисқача тўхталиб, учрашув қатнашчилари ва талабаларга ушбу ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва истиқболлари ҳақида гапириб ўтди.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори ва талаба ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқот билан давом этди.

Самимий мулоқот аввалида, Шухрат Асланов томонидан 2019 йилдан буён жамият ва институт ўртасидаги ҳамкорликда ўтказиб келинаётган "Шўртан газ кимё мажмуаси стипендияси" дастури ҳақида, дастурдан кўзланган асосий мақсад, дастурнинг талабаларнинг кейинги ҳаётий фаолиятида тутадиган ўрни, дастурда муваффақият қозониш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида ёшларга кенг тушинчалар берилди.

Шу ўринда Шуҳрат Аслановнинг ўзи ҳам Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабаси бўлганлигини айтиб, ўзининг меҳнат фаолияти давомида бўлиб ўтган ва талабалар учун қизиқарли ҳолатлар ҳақида ҳам гапириб ўтди ва учрашувда қатнашган талабалар учун мақсад сари ишонч ва қатъият билан юриш албатта натижалар бериши ҳақида ҳаётий мисоллар келтирди.

Шундан сўнг мажмуа раҳбари дастурнинг илк ғолибларини айни пайтда мажмуада эришаётган ютуқлари, уларга яратиб берилаётган имкониятлар ҳақида тўхталиб, дастурнинг илк ғолибларини талаба ёшлар билан мулоқот қилиш ва ўз таассуротлари билан ўртоқлашиш мақсадида давра марказига таклиф қилди.

Дастур иштирокчиларидан бири бўлган ва айни пайтда мажмуа бош механик ўринбосари сифатида фаолият юритаётган Эмил Карагадаев талаба ёшларга юзланаркан, энг аввало, айни пайтда талаба ёшлар учун бўлиб турган бу имконият унинг талабалик йилларида катта орзу бўлганлиги, улардаги назария ва амалиётни уйғунлаштириш борасида яратилган шароит ҳақида гапириб ўтди ва дастур доирасида стипендиант бўлиш учун белгиланган меъзонлар ҳам назария ва амалиёт уйғунлашишидан ҳосил бўлишига эътибор қаратди.

Стипендия дастурининг 2019 йилги ғолибларидан бири Миржахон Нурмаматов эса талабаларга соҳалари доирасида олаётган билимларини янада мустаҳкамлаш ва келгусида ўз йўналишларида рақобатбардош кадр бўлишлари учун чет тилларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишлари зарурлиги борасида ўзининг кичик босиб ўтган йўли мисолида маълумотлар берди.

Учрашув самимий мулоқот тарзида давом этиб, Мажмуадан ташриф буюрган мутасадди ходимларга талабалар ўзларини қизиқтирган саволлари билан юзланиб керакли жавобларни олишди.

Талабаларга янада кучлироқ мотивация бўлиши учун ўтирган ўқувчиларнинг кўпчилигига шахсан таниш бўлган, ўтган ўқув йилидаги бўлиб ўтган стипендия дастури ғолиблари, қўшни Сурхондарё вилоятилик Низомиддин Раҳмонов ва Шорасул Низомовнинг олдига қўйган мақсадлари сари босиб ўтаётган ҳар бир қадамлари ва ўз йўналиши доирасидаги билимларини оширишда чет тилларининг ўрни ҳақидаги нутқлари йиғилган ўқувчи ёшларнинг дастурда иштирок этишга бўлган қизиқишларини янада ошишига сабаб бўлди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, йиғилганларда танлаган соҳалари доирасида кейинги қўйиладиган қадамларнинг нечоғли аҳамиятли эканлиги, улар қабул қиладиган қарорларнинг келгуси ҳаётларида қандай резонанс бериши ва келаётган ойларда ўтказилиши режалаштирилаётган "Шўртан газ кимё мажмуаси стипендияси" дастурининг талаба ёшларнинг кейинги фаолиятларида тутадиган ўрни борасида керакли хулосалар қилишларига имконият яратди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|