May 23

Фарзанд ютуғи – ҳар бир ота-онанинг энг катта қувончи

Ҳар бир ота-она учун фарзандининг камолга етиши, иқтидорини намоён қилиши ва ютуқларга эришиши – энг юксак бахт, қалбга ёруғлик олиб кирувчи қувончдир. Айниқса, ушбу ютуқ фарзандининг ижодий салоҳияти, тафаккур доираси ва билимга интилиши билан чамбарчас боғлиқ бўлса, бу бахтнинг қиймати янада ортади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ ташаббуси билан тизимга қарашли корхоналар ходимларининг 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган фарзандлари ўртасида “Энергия тежамкорлик Янги Ўзбекистон болаларининг нигоҳида” мавзусида ташкил этилган ижодий танлов айни ана шундай мақсадларни кўзлади. Танловдан кўзланган асосий мақсад — ёш авлод орасида энергияни тежаш, “яшил” иқтисодиёт, экологик маданият ва қайта тикланувчи энергия манбаларига қизиқишни шакллантириш, шу орқали уларнинг ижодий тафаккурини ривожлантиришдан иборат бўлди.

Мазкур танловда иштирокчилар томонидан 50 дан ортиқ ижодий ишлар – расмлар, костюмлар, макетлар тақдим этилди. Асарлар “Қувват” мультсериали ғояси ва энергия тежамкорлик мавзусини ўзида мужассам этган бўлиб, уларнинг барчаси ёш ижодкорларнинг экологик тафаккури ва тасаввур доирасининг кенглигини ифода этди.

Биз учун қувонарли томони шундаки, мазкур ижодий беллашувда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ходимлари – Махсус бўлим ходими Нигматов Илхом Содиқович ҳамда Механик таъмирлаш цехи ходимаси Рахматуллаева Дилрабо Алимжоновналарнинг фарзанди Содиқова Нафиса Илхом қизи ҳам иштирок этди ва “Дунё энергияси сенинг қўлларингда” мавзусида тайёрлаган либоси (костюми) билан 10–12 ёш тоифасида фахрли 3-ўринни эгаллади.

Ёш ижодкорнинг ушбу ютуғи “Ўзбекистон нефт ва гази – ОГУ 2025” 27-Халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилган тантанали тақдирлаш маросимида муносиб эътироф этилиб, Нафиса диплом ҳамда мавзуга мос эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Бу ютуқ нафақат Нафиса учун, балки унинг ота-онаси ва бутун мажмуа жамоаси учун ҳам фахр ва илҳом манбаидир. Шу муносабат билан “Шуртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ жамоаси ва Касаба уюшмаси қўмитаси номидан фидойи ҳамкасбларимиз Нигматов Илхом ҳамда Рахматуллаева Дилрабони самимий табриклаймиз.

Нафиса Содиқовага эса келгусидаги таълим йўлида, танлаган касбида ва ҳаёт йўналишида улкан ютуқлар, ижодий илҳом, ва албатта, орзу-мақсадларининг рўёбини тилаймиз!

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|