June 14, 2023

“Шўртан ГКМ” МЧЖ: "Қаршитермопласт" цехининг ишлаб чиқариш самарадорлигини  ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, белгиланган режаларни ўз вақтида бажариб бориш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, мажмуа раҳбарияти томонидан тасдиқлаб берилган йўл харитасига асосан "Қаршитермопласт" цехи мутахассислари цехнинг асосий ишлаб чиқариш линияларида бир қатор таъмирлаш ва модернизация ишларини амалга оширмоқдалар.

Хусусан:

Полиэтилен грануласидан эгилувчан ва босимга чидамли қувурларни ишлаб чиқаришга мўлжалланган SJ-90/25 экструдер қурилмаси ва диаметри 75 мм дан 250 мм гача бўлган босимга чидамли полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган SJ-90/33 экструдер қурилмаси узоқ муддат давомида узлуксиз ишлаганлиги сабабли асосий экструдер редукторлари юқори тезликда ишлаганда қурилмада ортиқча тебранишлар ҳосил бўлиб, ишлаб чиқариш қувватини пасайишига сабаб бўлаётган эди.

Ушбу тебранишни бартараф этиш мақсадида цех ва мажмуа мутахассислари томонидан қурилмалар редукторида тафтиш ишлари олиб борилди. Олиб борилган тафтиш давомида маънан эскирган эҳтиёт қисмлар янгисига алмаштирилди. Натижада SJ-90/25 экструдер қурилмасининг ишлаб чиқариш қуввати 30 фоиздан 75 фоизга, SJ-90/33 экструдер қурилмасининг самарадорлик кўрсатгичи эса 45 фоиздан 70 фоизга оширилишига эришилди.

Бундан ташқари цехда ўрнатилган Т-2 иссиқлик алмашиниш аппаратининг ички қувурлари махсус босим остида ювиш қурилмаси орқали тозаланди. Узоқ йиллардан бери фойдаланиб келинаётган ушбу қурилмани совитиш самарадорлиги тозалашдан кейин 70 фоизга ортди.

Шунингдек, ҳозирги кунда бозор талаби ва истеъмолчилар хоҳишини инобатга олиб "Қаршитермопласт" цехида полиэтилен чиқиндиларни майдалаш учун шредер қурилмаси ҳамда диаметри 32мм дан 90мм гача ва 50мм дан 250мм гача бўлган босимга чидамли қувурлар ишлаб чиқариш экструдер линиялари харид қилинган бўлиб, ҳозирги кунда ўрнатиш ва монтаж ишларига тайёрланмоқда.

Бундан ташқари "Қаршитермопласт" цехида келгусида харид қилиш ва ўрнатиш мақсадида полиэтилен чиқиндиларни гранулалаш экструдер линияси, диаметри 75мм, 90мм, 110мм ва 160мм ўлчамдаги фланец втулкалари ва сув оқиш сарфи 0÷8 л/соат бўлган томизғичларни ишлаб чиқариш пресс-қолиплари учун техник топшириқлар расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг харидларини амалга ошириш учун маркетинг изланишлари олиб борилмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|