"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда Термиз давлат университети талабалари учун таништирув-амалиёт дарслари ташкил этилди
Олий таълим муассасалари билан ишлаб чиқариш корхоналари ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик - назарий билимларни амалиётда мустаҳкамлаш, мутахассисларни тарбиялашда ўта муҳим жараёндир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги ПҚ-4805-сон “Кимё ва биология йўналишларида узлуксиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги” қарори ижросини таъминлаш мақсадида Термиз давлат университети нефт-газ кимёси ва кимё (турлари бўйича) факултетининг 1 курс талабалари учун жорий йилнинг 13 июл куни “Шуртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ўқув-таништирув амалиёти ташкил этилди.
Таништирув жараёнида, ташриф буюрган талаба ёшларга мажмуанинг малакали мутахассислари томонидан корхонанинг ташкил этилишидан тортиб бугунги кунгача бўлган фаолияти, ундаги қурилмаларнинг техник тавсифи, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларнинг турлари ҳақида маълумотлар берилди.
Айниқса мажмуа марказий лабораторияси бўйлаб ташкил этилган экскурсия талабаларда кимёвий амаллар ва тажрибалар ҳақида реал тасаввурга эга бўлишида алоҳида аҳамият касб этди.
Талабалар лабораториядаги замонавий техника ва технологияларнинг ишлаш жараёнларини кузатиб, ўзларини қизиқтирган саволларга амалиётчи мутахассислардан керакли жавобларни олишди.
Шунингдек, мутахассислари узоқ йиллик меҳнат фаолияти давомида орттирган тажрибасидан келиб чиқиб, ёшларга келгусида ушбу соҳада фаолият юритиши учун асқотадиган зарурий кўникмалар билан ўртоқлашишди.
Бу каби амалий дарслар талабаларга назарий билимларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш, касбий компетенцияларини ривожлантириш, соҳага оид билим ва кўникмаларини такомиллаштиришга хизмат қилади.