"Шўртан ГКМ" МЧЖда 2023-2025 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши якунларига бағишланган Конференция бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 28 март куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2023-2025 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши ҳамда мазкур жамоа шартномасига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича меҳнат жамоасининг Конференцияси бўлиб ўтди.
Конференцияда “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори Ш.Асланов, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи З.Набиев, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг раис ўринбосари С.Эгамбердиев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилоят Кенгашининг раис ўринбосари И.Аҳмедов, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси А.Юсупов ва мажмуа Касаба уюшмаси қўмитаси жамоаси ҳамда мажмуанинг цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидан сайланган делегатлар иштирок этишди.
Йиғилишда дастлаб “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши юзасидан ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси раиси А.Туракуловнинг ҳисобот маърузаси тингланди.
Маърузага кўра, ишчи-ходимлар йил мобайнида моддий, тиббий ва маънавий қўллаб–қувватланган. Шунингдек, самарали хизмат қилган ходимлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, ўз вазифасига виждонан ёндашаётган ишчи-ходимлар мунтазам равишда рағбатлантирилиб борилаётганлигига алоҳида урғу берилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими бошлиғи З.Набиев сўз олиб, мажмуада Жамоа шартномасининг бажарилиши юзасидан ижобий фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Шунингдек, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг раис ўринбосари С.Эгамбердиев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раиси Рафиков Қудратилла Мирсагатович томонидан мажмуа жамоасини рўзаи рамазон ойи билан табриклаган нутқини ўқиб эшиттирди ва совға сифатида юборилган янгиланиб бораётган Ўзбекистондаги барча соҳа ва тармоқлардаги ислоҳотлар, эришилган муваффақиятлар, зафарлар, янгиланишлар, мозий ва келажак, илм-фан, маданият, қўйингки, қардош халқ олим ва экспертларининг миллатимиз, ватанимиз тўғрисидаги нуқтаи назарлари акс этган "Ватан" журналининг махсус сонини тақдим этди. Ушбу совғани жамоа номидан мажмуа Бош директори Ш.Асланов қабул қилиб олди.
Конференцияда делегатлар фаол иштирок этиб, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда 2023-2025 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасига "Ўзбекистон-2030" стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига асосан қўшимча ўзгартиришлар киритиш тўғрисида фикр мулоҳазаларини билдиришди.
Музокара ва муҳокамаларда иштирокчилар томонидан Шўртан газ кимё мажмуаси жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши қониқарли деб баҳоланди.
Таъкидлаш жоизки, жамоа шартномаси иш берувчи ва корхона ходимлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи, меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, ахлоқий меъёрлар, меҳнат интизоми, ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларни ҳимоя қилишни таъминлайдиган ҳужжатдир.