April 26, 2022

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг бир гуруҳ талабалари Шўртан газ кимё мажмуасининг стипендияси соҳиби бўлишди

Жорий йилнинг 26 апрель куни, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 2022-йил 4-март куни талабалар бандлигини таъминлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан вилоят ҳокимлиги, Қарши шаҳар ҳокимлиги ва вилоят бандлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни такомиллаштириш ва ривожлантириш ҳамда талаба-ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида “Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари” ярмаркаси бўлиб ўтди.

Муассасада ташкил этилган “Карьера куни” ва “Бўш иш ўринлари” ярмаркасига “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг фахрий профессори Шуҳрат Асланов ҳам ташриф буюрди ва мажмуа томонидан таъсис этилган стипендия соҳиблари бўлган 15 нафар талабаларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

Шундан сўнг, тадбирнинг иккинчи қисми Нефть ва газ факультети, конференциялар залида муассасага ташриф буюрган иш берувчилар ва талаба ёшлар ўртасидаги самимий суҳбат билан давом этди.

Иш берувчилар томонидан факултетнинг юқори курс талабаларига ишлаб чиқариш жараёнларида бугунги кун талаблари ҳақида батафсил тушунтирилди ва ёшларнинг ўз олдиларига қўяётган мақсадлари чегарасини кўтариш борасида керакли таклифларни беришди.

Шунингдек, тадбир давомида Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Шўртан газ кимё мажмуаси ўртасида "Ёшларга оид давлат сиёсати" тўғрисидаги қонун ижросида янги босқичларни бошлаб берувчи ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

Маълумот учун, Шўртан газ кимё мажмуасининг навбатдаги стипендияси учун танловлар жорий йилинг феврал ойида бошланган эди ва унда 250 нафардан ортиқ талаба ёшлар иштирок этишган.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|