"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурий биносига 50 кВтли Қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтириш бўйича тегишли қарор ва фармойишлари ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқаришни модернизация ва реконструкция қилиш, энергия тежовчи ускуналар ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирлар дастури доирасида жамият таркибидаги нефть ва газ объектлари ва маъмурий биноларда энергия ресурслари сарфини камайтириш бўйича тизимли ишлар давом эттирилмоқда.
Дастурга мувофиқ, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурий биноси том қисмига қуввати 50 кВт бўлган ON GRID сестимали қуёш фотоэлектр станцияси ўрнатилди.
Мазкур қуёш фотоэлектр станция йилига 95.7 минг кВт-соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга.
Қуёш панелларини ўрнатишдан асосий мақсад электр энергияси ва бунга сарфланаётган маблағларни тежаш, ушбу тежалган энергияни чекка ҳудудлардаги қишлоқларга юналтиришдан иборат.
Шу ўринда қуёш панеллари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтамиз:
Қуёш батареялари — қуёш энергиясини тўғридан-тўғри электр токига айлантирадиган фотоволтаик конвертор, яъни яримўтказгичли қурилма бўлиб, улар махсус рамкаларга жойланиб, қуёш панелларини ҳосил қилади. Аниқроғи, қуёшдан олинган ёруғликни электр токига айлантириб, фойдаланишга тайёр ҳолга келтирилган рамкалардир.
Қуёш панеллари қуёш электр станцияси деб ҳам аталади. Уларнинг 2 хил варианти мавжуд:
1. Аккумулятор билан ишлайдиган (автоном қуёш электрон станцияси, кейинги ўринларда ЭС).
Аккумулятор билан ишлайдиган ЭСларни электроэнергия етиб бормаган ёки тез-тез узилишлар кузатиладиган жойларга ўрнатиш мақсадга мувофиқ. Чунки у захирада қуёшдан йиғган энергиясини сақлаб туради ва сутканинг исталган вақтида ундан фойдаланиш мумкин бўлади.
Унинг ишлаш тизими тахминан шундай: Сиз фойдаланаётган электр энергияси тўсатдан ўчиб қолса, аккумулятордаги захира энергия автомат тарзда тармоққа уланади (етиб келади) ва маълум соатларга етади.
2. Тармоқ электростанцияси. Унда фақат қуёш панеллари ва инверторлар бўлади. Бу станция электр тармоғи билан параллел тарзда ишлайди. Бу усулдан асосан электр энергиясини иқтисод қилиш, тежаш мақсадида фойдаланилади.
Унинг ишлаш принципи тахминан қуйидагича: Қуёш панелларидан олинган энергияни инвертор 220 ёки 380 волтга айлантириб, куннинг ёруғ вақтида истеъмолчига тўғридан-тўғри етказиб бериши мумкин.
Ортиб қолган энергияни эса, давлат электр тармоғига узатиб, куннинг қоронғи вақтида яна ўша электр тармоғидан фойдаланиш имкони бўлади.
Шунда фойдаланувчи давлат электр тармоғидан деярли фойдаланмаган ҳисобланади. Бу панелни икки томонли ўз ҳисоблагичи бўлиб, давлат ҳисобидан ва қуёш энергиясидан умумий қанча фойдаланилганини кўрсатиб туради.