"Шўртан ГКМ" МЧЖда маҳсулотларни сотиш кўрсатгичлари ортиғи билан бажарилди
2023 йилда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар албатта жаҳон бозоридаги нарх-навога ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Бундан полимерлар бозори ҳам мустасно бўлмади. Хусусан, полиэтилен грануласи учун Ўзбекистон бозорида 2022 йилнинг ноябр ойидан бошлаб пастлай бошлаган нархлар амалда кўрилган чоралар эвазига 2023 йилнинг июн-сентябр ойларида бир оз кўтарилган бўлсада лекин умумий ҳолатда йил давомида деярли пасайиш тенденциясида давом этди.
Шунга қарамасдан, мажмуа раҳбариятининг аниқ кўрсатмалари ва Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати ходимларининг саъйи ҳаракатлари эвазига мажмуа олдига қўйилган асосий кўрсатгичлар ортиғи билан бажарилди.
2023 йил давомида полиэтилен маҳсулоти белгиланган режага кўра 117 минг тонна ўрнига 128.32 минг тонна сотилиб, режага нисбатан 109.7% га, суюлтирилган газ маҳсулоти режада белгиланган 113.96 минг тонна ўрнига 117.06 минг тонна сотилди ва 102.7% га бажарилди. Шу жумладан аҳоли маиший эҳтиёжлари учун йил давомида 112.57 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулоти етказиб берилди.
Шу билан бирга 4.48 минг тонна суюлтирилган газ ва 655 тонна олтингугурт маҳсулоти биржа савдолари орқали реализация қилинди.
Бундан ташқари Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати томонидан 2023 йил давомида 895481 п.м. ҳар хил диаметрдаги полиэтилен қувур маҳсулотлари, 14034 дона фитинглар, 888600 п.м. томчилатиб суғориш тизими шланглари (ва деталлари), 14135 кв.м алюмин композит панеллар, жами 11547 дона полиэтилен яшиклар ва канистралар истеъмолчиларга етказиб берилди.
Тайёр маҳсулотлар реализацияси кўрсаткичларини ошириш мақсадида бозор талаб ва таклифидан келиб чиқиб, полиэтилен қувурлар нархлари мувофиқлаштирилди.
Мажмуа олдига қўйилган вазифалар билан биргаликда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва “Uzbekistan GTL” МЧЖ ўртасида тузилган шартномага асосан, Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати мутахассислари томонидан суюлтирилган газ маҳсулотни истеъмолчиларга юклаб жўнатиш ишлари сифатли ташкил этилиб, 4.7 минг тн.дан ортиқ маҳсулот истеъмолчиларга етказилди.
2023 йилнинг сентябр ойида мажмуа раҳбарияти ташаббуси билан яна бир янгиликка қўл урилди ва мажмуага пул тушумини кўпайтириш билан бирга аҳолига ҳам қулайлик яратиш мақсадида мажмуанинг Қарши шаҳрида жойлашган “Қаршитермопласт” цехининг ўзида тайёр маҳсулотларни нақд пул ва пластик карталар орқали сотиш мақсадида савдо нуқтаси очилди. Бу вақтга қадар мажмуада ишлаб чиқарилган сифатли полиэтилен қувурлар, фитинглар ва бошқа тайёр маҳсулотлар истеъмолчиларга фақат юридик шахслар орқали етиб келар ва аҳоли вакиллари ушбу маҳсулотларни ўз нархида олиш имкониятига эга эмас эдилар.
Ушбу кўрилган чора-тадбир натижасида юқорида кўрсатиб ўтилган миқдорлардан ташқари 2023 йил сентябр – декабр ойлари давомида ушбу савдо нуқтаси орқали жисмоний шахсларга 15048 п.м. полиэтилен қувурлар, 617.57 кв.м. алюмин композит панеллар, 292 дона фитинглар ва полиэтилен яшиклар реализация қилинди. Таъкидлаш керакки 2023 йил 4-чоракда қувур ва боғловчи деталлар учун асосий мавсум тугаганлигига қарамасдан мажмуада ишлаб чиқарилган тайёр маҳсулотларнинг чакана савдо орқали савдосида ўсиш кузатилди.
Шу билан бир қаторда, Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати мутахассислари томонидан бозордаги реал нарх тенденцияларини доимий равишда ўрганиш ва ишлаб чиқаришга татбиқ этиш мақсадида охирги уч йилликда реализация қилинган полиэтилен маҳсулотининг маркалар бўйича нарх таҳлиллари “визуал” динамикаси ишлаб чиқилди ва доимий юритиб бориш жорий этилди.
Жорий йилда эса хизмат олдига қўйилган вазифалар билан бир қаторда тайёр маҳсулотлар бўйича кенг қамровли таҳлилларни ҳам амалга ошириш, визуаллаштириш ва доимий равишда юритиб бориш белгилаб қўйилди.