July 15

Мутахассислар малакаси назарий ва амалий жиҳатдан мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 2022 йил 7 июлдаги ПҚ-309-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва "UNG trening" МЧЖ ўртасидаги ҳамкорлик доирасида мажмуа ишчи-ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил этилди.

Ўқув курслари давомида қуйидаги мавзулар бўйича дарслар ўтилмоқда:
- "Босим остида ишловчи идишларни хавфсиз ишлатиш учун жавобгар шахс";
- "Босим остида ишловчи балонларни хавфсиз ишлатиш қоидалари";
- "Баландликда хавфсиз ишлаш қоидалари";
- "Юк илдирувчи";
- "Юк кўтариш механизмларини хавфсиз ишлатиш бўйича жавобгар шахс";
- "Кўнгилли газ қутқарув дружинаси аъзоси".

Мажмуа Персонални бошқариш хизмати (HR) ва "UNG trening" МЧЖ ҳамкорлигида ўқув курслари режаларига кўра ўқув дастури ишлаб чиқилган бўлиб, назарий ва амалий машғулотларнинг сифатли ўтказилиши нефт ва газ соҳасида кўп йиллик тажрибага эга малакали мутахассислар ва олийгоҳлардан таклиф этилган профессор-ўқитувчилар зиммасига юклатилган.

Мазкур ўқув курсларида корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнларига таъсир этмаган ҳолда жами 638 нафар ишчи-ходимлар ўқитилиши кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунгача ушбу ўқув курсларида 215 нафар ходимлар иштирок этишди ва маҳорат дарслари якунида ташкилотчилар томонидан курс иштирокчиларига ўқув курсини тугатганлигини тасдиқловчи малака сертификатлари топширилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|