August 25

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди

Жорий йилнинг 22 август куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг тегишли топшириғи ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг фуқаролар муҳофазаси бўйича кўрсатмаларига асосан махсус-тактик ўқув машғулоти ўтказилди.

Машғулотнинг асосий мақсади — фавқулодда вазиятлар юзага келган тақдирда мажмуанинг бошқарув органлари, қутқарув тузилмалари ва ҳамкор ташкилотлар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, шунингдек, ишчи-ходимлар ўртасида амалий кўникмаларни оширишдан иборат бўлди.

Ўқув машғулоти давомида:

  • ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати томонидан хабарларни тезкор етказиш тартиби;
  • фавқулодда вазият ҳудудидан жабрланганларни олиб чиқиш ва тиббий ёрдам кўрсатиш;
  • радиацион хавфсизлик билан боғлиқ авариявий ҳолатларни бартараф этиш;
  • қўриқланадиган объектларга ноқонуний киришга бўлган уринишларга қарши ҳаракатлар каби йўналишларда амалий машқлар бажарилди.

Тадбирда жамиятнинг фуқаролар муҳофазаси тузилмалари, махсус қутқарув бўлинмалари, тиббиёт ходимлари ва қўриқлаш хизматлари иштирок этди. Уларнинг ҳамкорликдаги ҳаракатлари орқали авариявий вазиятларни бартараф этиш, жабрланганларга тезкор ёрдам кўрсатиш ва объект хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий тажриба мустаҳкамланди.

Машғулот якунида барча иштирокчиларга миннатдорлик билдирилди ҳамда ўқув машғулоти таҳлил қилиниб, келгусида самарадорликни янада ошириш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|