КАРЬЕРА КУНИ
Жорий йилнинг 20-25 май кунлари Тошкент кимё-технология институтида “Барқарор ривожланиш ва яшил иқтисодиёт” халқаро илмий ҳафталиги бўлиб ўтди.
Ушбу илмий ҳафталик доирасида институтнинг 1500 дан зиёд битирувчи талаба ёшлари учун “КАРЬЕРА КУНИ” бўш иш ўринлари ярмаркаси ташкил этилди.
Тадбирда 80 дан ортиқ ишлаб чиқариш корхоналари, “Ўзкимёсаноат” АЖ ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг Тошкент шаҳар филиали масъул ходимлари иштирок этдилар.
Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вакиллари томонидан давлат ташкилотларига ишга киришнинг янги тартиби бўйича ҳамда vacancy.argos.uz сайти орқали ишга кириш тартиби бўйича битирувчи талабаларга тушунчалар бердилар.
Шундан сўнг, тадбирга ташриф буюрган корхоналар вакиллари ўзларининг фаолиятлари ҳақидаги маърузалар, слайдлар ҳамда видеороликлар орқали тақдимотлар қилишди. Жумладан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ мутахассислари ҳам ўзларининг тақдимоти билан иштирок этиб, мажмуа кадрлар захираси учун битирувчи талабалар билан суҳбатлар уюштирдилар.
Бу каби тадбирлар, ёшлар бандлигини таъминлаш, иқтидорли ва билимли талабаларни саралаш ҳамда корхоналарнинг кадрлар захирасини шакллантиришда салмоқли ҳиссага эга бўлиб, мамлакат саноати ва фуқаролари келажагини белгилашда муҳим рол ўйнайди.