March 3

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг "V" ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 28 февраль куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг катта мажлислар залида ШГКМ Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг "V" ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди.

Ушбу Конференцияда Шўртан газ кимё мажмуаси Бош директори Ш.Асланов, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг ташкилий ишлар бўлими мудири Ф.Маҳмудов, Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилоят Кенгашининг раис ўринбосари И.Аҳмедов, Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг Қашқадарё вилоят Кенгаши раис маслаҳатчиси Ш.Ражабов, "Ўзбекнефтгаз" АЖ Бирлашган Касаба Уюшмасининг раис ўринбосари Ж.Қурбонов, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Қашқадарё вилоят Кенгашининг раиси А.Юсупов ва мажмуа Касаба уюшмаси қўмитаси жамоаси ҳамда мажмуанинг цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидан сайланган делегатлар иштирок этишди.

Конференция ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси фаолиятига бағишланган видеоролик намоиши билан бошланди.

Шундан сўнг, Шўртан газ кимё мажмуаси Касаба уюшмаси бошланғич ташкилотининг 2022 йил февралдан 2025 йил февралгача бўлган ҳисобот давридаги фаолияти юзасидан ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси раиси А.Туракуловнинг ҳисобот маърузаси тингланди.

Маърузада ҳисобот даврида ишчи-ходимларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда самарали меҳнат қилган ишчи-ходимларни рағбатлантириш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.

Йиғилиш давомида қатнашган меҳмонлар томонидан касаба уюшмаларининг аҳамияти, меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли, шунингдек, меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича билдирилган таклифлар юзасидан фикрлар билдирилди. Шу билан бирга, мажмуада ходимларга яратилган меҳнат шароити эътироф этилди ва бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар юқори баҳоланди.

Маъруза якунида делегатлар томонидан ҳисобот қониқарли деб баҳоланди.

Шундан сўнг, ШГКМ Касаба уюшма бошланғич ташкилотига янги раис ва раис ўринбосари сайлаб олиш мақсадида муқобиллик ва яширин овоз бериш йўли билан сайлов ташкил этилди.

Овоз бериш натижаларига кўра, Азамат Туракулов яна бир бор Касаба уюшмаси қўмитаси раиси этиб, Шахзод Ҳасанов эса раис ўринбосари лавозимига сайландилар. Шунингдек, қўмита аъзолари ва Тафтиш комиссияси аъзолари ҳам сайлаб олинди.

Йиғилишда меҳнат кодексига киритилган сўнгги ўзгаришлар муҳокама қилиниб, жамоа шартномасига тегишли қўшимчалар киритиш таклифлари билдирилди.

Конференция якунида иштирокчилар томонидан Касаба уюшмаси қўмитасининг ҳисобот давридаги фаолияти қониқарли деб баҳоланиб, келгуси фаолият учун устувор вазифалар белгилаб олинди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|