“Шўртан ГКМ” МЧЖ томонидан жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 71 минг тонна полиэтилен грануласи сотилди
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ томонидан ўз олдига қўйилган сотув режаси ортиғи билан бажарилди. Жумладан, мажмуанинг асосий маҳсулоти бўлган полиэтилен грануласи 1-ярим йиллик давомида биржа савдолари орқали жами 71 минг тонна сотилган бўлиб, бу кўрсаткич режага нисбатан 119 %ни ташкил этди.
Республика аҳолиси эҳтиёжларини учун “Ҳудудгазтаъминот” АЖга 67 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулоти етказиб берилди. Ушбу кўрсаткич белгиланган режага тўлиқ мос келиб, 100 %га бажарилди. Шунингдек, жорий йилда олтингугурт маҳсулотига бўлган талабнинг кескин ортиши натижасида ушбу маҳсулотнинг режага нисбатан сотилиши 316 %ни ташкил этиб, жами 1 616 тонна олтингугурт маҳсулоти биржа савдолари орқали харидорларга юклаб жўнатилди.
Жорий йилда Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати томонидан 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилган мақсадлардан бири — “N-бутан, изо-бутан” маҳсулотини алоҳида товар сифатида доимий равишда биржа савдоларига чиқариш режаси амалга оширилди. Ушбу маҳсулотдан тадбиркорлар томонидан парфюмерия маҳсулотлари ва ёндиргич (зажигалка)лар ишлаб чиқаришда фойдаланиб келинмоқда.
Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан полиэтилен маҳсулотини экспорт қилишда енгиллик яратиш мақсадида полиэтилен грануласининг доимий сотувга чиқариладиган маркалари учун техник паспортлар шакллантирилди. Ҳозирда ушбу техник паспортларни маҳсулотларга тегишли бошқа сертификатлар қаторида мажмуанинг янгиланган веб-саҳифасига жойлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
1-ярим йилликда Хизмат томонидан амалга оширилган тайёр маҳсулотлар савдосида ҳам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш кузатилди. Ушбу давр мобайнида жами 24,3 млрд сўмлик тайёр маҳсулотлар сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 108 %ни ташкил этди. Бунда ўсишнинг энг катта улуши алюмин композит панеллар, полиэтилен яшиклар ҳамда полиэтилен поддонлар ҳиссасига тўғри келди.
Таъкидлаш жоизки, “Қаршитермопласт” цехида ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотлар аҳоли орасида тобора оммалашиб бормоқда ва бунинг исботини цехда ташкил этилган чакана савдо улушининг ўтган йилнинг 1-ярим йиллигига нисбатан 125 %га ошганлиги фонида кўриш мумкин.
Хусусан, хизмат томонидан ушбу давр мобайнида 505 минг п.м. (89%) полиэтилен қувур маҳсулотлари, 441 минг п.м. (119%) томчилатиб суғориш шланглари, 2 400 дона (112%) фитинглар, 7 099 дона (108%) полиэтилен канистралар ва 84 165 дона томчилатиб суғориш деталлари сотуви амалга оширилди.
Айни вақтда Маҳсулотларни сотиш ва маркетинг хизмати томонидан савдо тушумларини ошириш борасида реклама кампанияларини ривожлантириш, хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида хизмат тузилмасини такомиллаштириш, ходимлар малакасини ошириш каби бир қатор изчил ишлар олиб борилмоқда.