March 24, 2023

"Шўртан ГКМ" МЧЖда маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларни кенгайтириш бўйича ишлар жадаллик билан давом этмоқда

Янги Ўзбекистоннинг муҳим стратегик ислоҳотларидан бири чет эл технологияси асосида маҳаллий маҳсулотлар сони ва сифатини ошириш ҳисобланади. Шунингдек халқаро кўргазмаларнинг ташкил этилиши ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини ёритиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан 2023 йилнинг 21-23 феврал кунлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида жойлашган “SOF EXPO Samarkand” мажмуасида “AGROPRO EXPO 2023” халқаро кўргазмаси ташкил этилди.

Кўргазмада агротехнология, қишлоқ хўжалиги техникаси, суғориш тизимларини жиҳозлаш, уруғлар, кўчатлар, агрокимёвий моддалар ва агросаноат мажмуасидаги лабораториялар, иссиқхоналар, сақлаш ва логистика хизматлари, чорвачилик ва паррандачилик, стандартлаштириш ва сертификатлаш каби йўналишлар намойиш қилинди.

Бугунги кунда сув танқислигини ҳисобга олган ҳолда, йирик экин майдонлари ва томорқаларни томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизими ёрдамида суғоришни кенг миқёсда татбиқ этиш ишлари олиб борилмоқда. Республиканинг иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда мўътадил иқлимни яратиш, “Яшил макон” умуммиллий дастури асосида яшил ҳудудни кенгайтириш ишлари жадал ривожланмоқда.

Бу борада “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда Маҳаллийлаштириш дастури асосида томчилаб суғориш тизимининг полимер асосидаги эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш бўйича тасдиқланган режа асосида ишлар олиб борилмоқда.

Бир гуруҳ мутахассислар мажмуа томонидан ишлаб чиқарилаётган томчилаб суғориш тизими полимер қисмларини маҳаллий тадбиркорларга маълумот сифатида ёритиш ва тарқатма материалларни тарқатиш орқали реклама қилиш, кўргазма доирасида хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш тизими маҳсулотлари билан яқиндан танишиш, янги инновацион технология ишланмаларини ўзлаштириш имкониятларини ўрганиб чиқиш ва келажакда татбиқ этиш мақсадида “AGROPRO EXPO 2023” халқаро кўргазмасида қатнашишди.

Ушбу кўргазма давомида мажмуа мутахассислари келгуси йилларда мажмуада ишлаб чиқариш лойиҳасига киритилиши режалаштирилаётган “ёмғирлатиб суғориш тизими” бўйича бир қатор керакли маълумотларга эга бўлишди.

Бундан ташқари, 2023-йилнинг 26 феврал – 1 март кунлари “Ўзбекнефтегаз” АЖ Бошқарув раиси баёни ижроси юзасидан “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассислари Андижон шаҳрида жойлашган “SDK Group And” ҚК МЧЖ, “SPZ-Bearing” ҚК, “Uzauto motors” АЖ корхоналарига ташриф буюришди ва улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан яқиндан танишишди.

Ташриф давомида мажмуа мутахассислари мажмуа эҳтиёжи учун зарур бўлган импортни ўрнини босувчи сифатли ва ҳамёнбоп маҳсулот намуналарини ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечиришди ва келгусида мажмуа талабидан келиб чиққан ҳолда янги турдаги полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилди. Ҳозирги вақтда “Uzauto Motors” АЖ томонидан импорт полимер маҳсулотлар рўйхати шакллантирилмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|