"Шўртан ГКМ" МЧЖда "Яшил макон" лойиҳасининг кузги мавсумига старт берилди
Юртимизда табиий ҳудудларни сақлаб қолиш, уларни қайта тиклаш, экологик муҳитни яхшилаш, ўсимлик дунёсини, яшил майдонларни кўпайтириш ва ривожлантиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан бутун мамлакат миқёсида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини ҳаётга татбиқ этилиши ҳам ана шундай тадбирлар жумласидандир.
Айни кунларда мамлакатимиз ҳудудларида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги мавсум учун белгиланган тадбирлар жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Хусусан, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ жамоаси томонидан ҳам завод ҳудуди ва атрофидаги яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида кузги мавсум учун ниҳол экиш тадбирларига старт берилди.
Тадбир доирасида, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан куз мавсумининг ўзида қурғоқчиликка, касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган гужум, павлония, арча, бодом, беҳи, ўрик, тут ва бошқа турдаги 12 минг тупдан ошиқ бўлган мевали ва манзарали дарахтлар экилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, экилаётган дарахт навлари Фанлар академияси тавсиялари ҳамда ҳудуднинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда танлаб олинган.
Экилган дарахтлар агротехник талаблар асосида мунтазам парвариш қилиниб, минерал ва органик ўғитлар билан озиқлантирилиб, зараркунандалардан ҳимоя қилиб борилади. Бу дарахтларнинг ўсиши, ривожланиши ва касалланмаслиги учун яхши шароитларни таъминлайди.
Шунингдек, ушбу экилган барча ниҳолларни суғоришда, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида томчилатиб суғориш тизимларидан фойдаланилади.
Дарҳақиқат, бутун мамлакатимиз бўйлаб қулоч ёйган бу каби эзгу ташаббуслар атроф-муҳитни яшилликка буркаш ҳамда экология мусаффолигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.