ШГКМ ишчи-хизматчиларига Конституциявий ислоҳотлар борасида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари томонидан тушунчалар берилди
Хабарингиз бор, шу йилнинг 20 май куни Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилиб, унда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилган эди.
Куни кеча "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖга O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси, Конституциявий комиссия раиси ўринбосари Актам Хаитов ва Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Қашқадарё вилояти бўйича раҳбари Игор Турсуновлар ташриф буюришди.
Ташриф аввали, мажмуа раҳбарияти томонидан меҳмонларни кутиб олиш ва мажмуанинг 3D кўриниши тақдимоти билан бошланиб,
ишчи хизматчилар билан Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиб беришга бағишланган давра суҳбати билан давом этди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун моҳияти ҳақида тўхталар экан, киритилаётган ўзгартиришлар энг аввало "Инсон қадри учун" тамойилини ҳар бир ўзгартиришнинг асосий мезони бўлаётганига урғулаб, "Янги Ўзбекистон-ижтимоий давлат" ғояси асосида халқимизнинг фаровонлиги янада юксалишига, инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари қатъий таъминланишига қаратилган туб ўзгаришларнинг кафолати бўлишини таъкидлади.
Учрашув давомида Конституциявий комиссия ўринбосари йиғилганларга тиббий суғурта кафолатлари тўғрисидаги ўзгартириш мазмун моҳиятини тушунтирар экан Конституцияга киритилаётган ўзгартиришлар сабаб эндиликда ҳар бир хизматчи сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари ортаётганини тушунтириб берди.
Мазмунли ўтган суҳбат якуни мажмуа раҳбариятининг меҳмонга рамзий эсдалик совғаси топшириш маросими билан ниҳояланди.
Ташрифнинг иккинчи қисмида меҳмонни завод фаолияти билан яқиндан таништириш мақсадида мажмуа ҳудудидаги цехларда кетаётган иш жараёнлари, хусусан марказий лабораторияда яратилган имкониятлар, асосий бошқарув ходимлари фаолияти билан яқиндан таништирилди.