Элмуродов Шокир Мингнорович "Орамиздаги қаҳрамон"!
Элмуродов Шокир Мингнорович 1966 йилнинг 23 май куни Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани Афғонбоғ қишлоғида ишчи оиласида дунёга келган. Шокир Мингноровичнинг отаси Мингнор бобо Элмуродов ҳайдовчи, онаси Бозорова Амина момо эса уй бекаси эди. Шокир ака катта оилада беш ака-укалар ва икки опа-сингиллар орасида улғайган.
Шокир Мингнорович 1973-1983 йиллар мобайнида Афғонбоғ қишлоғидаги 4-сонли ўрта мактабда таълим олган бўлиб, мактабдаги ўқиш йиллари давомида у ўзига хос истеъдоди ва интилиши билан тенгдошлари орасидаги илғорлардан эди. 1984-1986 йиллар оралиғида Шокир Мингнорович армия сафида хизматни ўтади.
Армиядан қайтгач, Шокир Мингнорович меҳнат фаолиятини 1986 йилда Ғузор туманидаги Матбуот жамиятида техника хавфсизлиги бўйича инженер вазифасидан бошлади. 1988-1989 йилларда “Ўзбекнефтгазгеология” геология қидирув бирлашмасининг Сурхандарё вилояти бўлинмасида бурғуловчи ёрдамчиси сифатида иш бошлаб, нефт ва газ соҳаси билан ўз фаолиятини боғлади. Шундан сўнг, Шокир ака “Ҳисоролди нефт ва газ қидирув экспедецияси” унитар шўъба корхонасида бурғуловчи ёрдамчиси, “Шўртангаз” газ конлари бошқармаси Олтингугурт олиш ва тозалаш цехида кузатувчи вазифаларида меҳнат фаолиятини давом эттирди.
Ўз илмини мустаҳкамлаш истаги ила 1990 йилда қаҳрамонимиз Тошкент давлат техника университетига сиртқи бўлимга, “Нефт ва газ конларини ишлаш ва ишлатиш” йўналиши бўйича ўқишга киради ва 1996 йилда ўқишни муваффақиятли тамомлайди.
Қаҳрамонимизнинг шахсий ҳаёти ҳам унинг касбий фаолияти сингари бой ва мазмунлидир. Шокир Мингнорович 1991 йилда туман тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Шерқулова Салима опа билан турмуш қуради. Ҳозирда Шокир ака оилада уч нафар фарзанднинг отаси ва 4 нафар набиранинг бобоси. Катта қизи Сайёра Ўзбекистон Миллий университетининг “Физика” факультетини тамомлаган ва ҳозирда Ғузор туманидаги 70-сонли мактабда физика ўқитувчиси сифатида фаолият юритмоқда. Кичик қизи Юлдуз Ўзбекистон Жаҳон тиллари университетини тугатган, ҳозирда уй бекаси. Ўғли Суннатжон Тошкент давлат ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган ва ҳозирда ота изидан бориб “Surhan gaz chemical” газни қайта ишлаш заводининг Назорат ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш цехида фаолият юритмоқда.
2000 йилда Шокир Элмуродов “Шўртан газ кимё мажмуаси”га ишга кириб, Этилен ишлаб чиқариш цехида совутиш қурилмалари бўйича технологик қурилма кузатувчиси лавозимида ишлай бошлади. Унинг бу соҳага қадам қўйиши унинг меҳнат фаолиятида янги даврни бошлади. Мансаб пиллапояларида кўтарилишдан кўра кўплаб шогирдлар етиштиришни афзал билган қаҳрамонимиз мана сал кам 24 йилдирки ушбу қурилмада ўз ишига бўлган содиқлик ва масъулият билан хизмат кўрсатиб, бу кунга қадар бир қанча шогирдларга устозлик қилди ва ҳозирда ҳам ёш мутахассисларга ўз касбининг сирларини ўргатишда давом этмоқда.
Шокир Элмуродовнинг меҳнатсеварлиги ва масъулияти унинг касбий ҳаётида энг асосий қадриятларидан бири ҳисобланади. У турли соҳа ва ташкилотларда ишлаб, ўзини мутахассис сифатида намоён қилди ва ишлаб чиқариш жараёнида муҳим буғин сифатида фаолият олиб бормоқда. Шокир аканинг бугунги кундаги фаолияти унинг ўз касбига бўлган меҳри ва садоқатини кўрсатади.
Қаҳрамонимиз Шўртан газ кимё мажмуасидаги фаолияти давомида Жўраев Тўлаган Тошпулатович, Норчаев Илхом Хурсанович ҳамда Эшмуродов Ўктам Асадуллаевич каби бир қатор устоз-мураббийлардан таълим олган.
– Ҳаётда нимага эришган бўлсам, аввало, ота-онамнинг тарбияси ва ўгитлари, доим эзгу йўлни кўрсатиб қилган дуолари деб биламан. Устозларимнинг ва дўстларимнинг кўмаги ҳаётда, ишда эришган ютуқларим учун замин яратган. Бугун ўтган йилларни эслаб бунга қайта-қайта амин бўлавераман, – дейди қаҳрамонимиз камтарлик билан.
Бугунги кунга келиб Шокир Мингноровичнинг фидойи меҳнати ўз самарасини берди. Жорий йилнинг 24 август кунидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони асосида бир гуруҳ юртдошларимиз қатори Элмурaдов Шокир Менгнорович ҳам "Дўстлик" ордени билан тақдирландилар.
Бу каби шарафли мукофот аввало яратганнинг инояти, умр бўйи қилинган ҳалол меҳнат, касбга садоқат, оиладаги тотувлик, тинчлик ва хотиржамлик учун шукроналик, устозлар ўгити, дўст ва яқинлар меҳри, касбдошлар ҳурмати, эл ардоғи ва албатта давлатимиз раҳбарининг ҳар бир фуқаро фаровонлигига қаратилган одилона ислоҳотлари мевасидир!