Шўртан газ кимё мажмуаси ходимаси илмий танлов ғолиби бўлди
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида Қашқадарё вилояти Оила ва хотин-қизлар бошқармаси, вилоят “Олима” уюшмаси ҳамда вилоят «Ихтирочи аёллар» уюшмаси ҳамкорлигида “Илмли аёл – жамият кўзгуси” ҳафталиги доирасида “Олима аёллар – миллат келажагининг тарбиячиси” мавзусида хотин-қизлар форуми бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зиёда Аминова, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Базаров, профессор-ўқитувчилар ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар фаоллари иштирок этдилар.
Форумда олима аёлларнинг жамият тараққиётидаги ўрни, илм-фан ривожига қўшаётган ҳиссаси, ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти ҳақида фикрлар билдирилди.
Қувонарлиси, мазкур форум доирасида ўтказилган илмий кўрик-танловда Шўртан газ кимё мажмуаси ходимаси Абдураҳмонова Насиба Кучкаровна “Фундаментал фанларга қўшилган ҳисса” номинацияси бўйича ғолиб деб топилди ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори О.Базаров томонидан махсус сертификат билан тақдирланди.
Ушбу ютуқ билан мажмуа маъмурияти ва кўп минг сонли ишчи-ходимларимиз номидан Насиба Кучкаровнани самимий муборакбод этамиз ва келгуси фаолиятларида улкан муваффақиятлар тилаб қоламиз!