“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖга қарашли “Эркатой” МТМ тарбиячилари учун дам олиш дастури ташкил этилди
Бола тарбияси – ҳар қандай жамиятнинг эртанги кунини белгиловчи энг муҳим омиллардан биридир. Шу боис, мактабгача таълим муассасалари (МТМ) фарзандларимизни илк бор ижтимоий муҳитга тайёрлайдиган, уларнинг дунёқараши, одоби ва билимга қизиқишини шакллантирадиган маскан сифатида алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда мазкур тизимни ривожлантириш, тарбиячиларнинг меҳнатини қадрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Давлат дастурлари доирасида юзлаб янги боғчалар барпо этилаётгани, мавжудлари эса капитал таъмирдан чиқарилиб, замонавий жиҳозлар билан таъминланаётгани бунинг яққол ифодасидир.
Бу борада “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ҳам ўзининг ижтимоий масъулиятини теран англаб, корхона тасарруфидаги “Эркатой-1, 2, 3 ва 4” мактабгача таълим муассасаларида фаолият юритаётган педагоглар ва ишчи-ходимларга доимо эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Айниқса, уларнинг меҳнатини қадрлаш, руҳий кўтаринкиликни ошириш, жамоа ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш мақсадида турли маданий, спорт ва дам олиш тадбирлари йўлга қўйилган.
Шу мақсадда жорий йилнинг 3–5 октябрь кунлари “Эркатой” МТМ маъмурияти ташаббуси билан, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбарияти ҳамда Касаба уюшма қўмитаси кўмагида “Эркатой” МТМ тарбиячилари ва ишчи-ходимлари учун “1-октабр – Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан дам олиш дастури ташкил этилди.
Уч кунлик дастур давомида тарбиячилар ва ходимлар учун турли маънавий ва маърифий тадбирлар, спорт беллашувлари ва ижодий танловлар ўтказилди. Дастлаб иштирокчилар тантанали очилиш маросимида қатнашдилар. Шундан сўнг кечки дастурларда бир-биридан узоқда жойлашган ва одатда бир тизимда ишловчи, бир вазифани бажарувчи, аммо ҳар доим ҳам учрашавермайдиган тарбиячилар учун ўзаро тажриба алмашиш ва янгича ғоялар билан бўлишиш мақсадида очиқ мулоқот ташкил этилди.
Эртаси куни семинар-тренинглар, шахмат, шашка ва стол тенниси мусобақалари, қувноқ эстафета беллашувлари ҳамда “Заковат Квиз” интеллектуал ўйини ўтказилди. Форумнинг тантанали ёпилиш маросими ва қувноқ саҳна чиқишлари иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Тадбирнинг якуний кунида эса иштирокчилар учун Шаҳрисабз шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштирилди.
Бу каби ташаббуслар, шубҳасиз, тарбиячилар учун муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар болалар тарбиясида ўз меҳрини, сабр-тоқатини, бутун борлиғини бағишлайдилар. Шундай фидойи инсонларнинг меҳнатини қадрлаш, уларга қувонч ва дам олиш лаҳзаларини ҳадя этиш – уларга бўлган ҳурматнинг ифодасидир. Тадбир давомида тарбиячилар ўз фаолиятига янгича руҳ ва ишонч билан қайтишларини, бу эса келгусида болаларга янада кўпроқ меҳр, эътибор ва сабр билан ёндашишларига замин яратишини таъкидлаб ўтишди ва бу каби эътибор учун мажмуа раҳбариятига, "Эркатой" МТМ маъмуриятига ҳамда Касаба уюшма қўмитасига ўз миннатдорчиликларини изҳор этдилар.
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилаётган бу каби тадбирлар ходимларнинг руҳий тетиклиги, жамоанинг бирлиги ва ижобий муҳитни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Зеро, болаларнинг бахтли кулгуси, уларнинг соғлом тарбияси айнан шундай фидойи тарбиячиларнинг меҳридан бошланади.