Маҳаллийлаштириш дастури орқали 798,2 минг АҚШ доллари тежалди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги ПҚ-99-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари билан саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, 2024-йилда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан маҳаллийлаштириш дастури доирасида 4 та лойиҳа амалга оширилиб, 398,4 тонна маҳсулот қайта ишланди ва 6,89 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Импортни қисқартириш, валюта маблағларини тежаш ва маҳаллий корхоналар билан янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида 798,2 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маҳсулот импорти камайтирилди. Шунингдек, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни ўзлаштириш ҳисобига корхона 4,3 млрд сўм миқдорида соф фойдага эришди.
Бу жараён доирасида маҳаллий корхоналар томонидан қуйидаги материал-техник ресурслар ўзлаштирилди: ҳар хил ўлчамдаги металл маҳсулотлар, юқори босимга бардошли текстил ва резина қопламали енглар, манометрлар, термопаралар, темир купороси, сувни тозалаш ва қайта ишлаш учун кимёвий моддалар, иссиқлик алмашиниш қурилмалари ва бошқалар.
Шу билан бир қаторда, республика ҳудудларида ўтказиладиган "Республика тармоқлараро саноат ярмаркалари"да ҳам мажмуа мутахассисларининг фаол иштироки таъминланмоқда. 2024 йилда Бухоро, Нукус, Қарши ва Тошкент шаҳарларида ташкил этилган саноат ярмаркаларида маҳаллий корхоналарнинг янги ўзлаштирилган маҳсулотлари ўрганилиб, ўзаро ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилди.
Яқин келажакда ушбу лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши мажмуанинг рентабеллигини ошириш, меҳнат жамоасининг даромадларини кўтариш, шунингдек, мамлакатимиз саноати ва иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшиш, маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга хизмат қилиши шубҳасиз.