Меҳнат фаолиятига муносиб эътироф
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ўз ҳаётини саноат тараққиётига бағишлаган, масъулият ва садоқат билан фаолият олиб борган, бой тажрибаси ва ибратли меҳнат йўли орқали жамоа орасида катта ҳурмат қозонган Шукуров Шерали Эргашевични нафақага кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тантанали тадбирда мажмуа раҳбарияти, Касаба уюшма қўмитаси вакиллари, Шерали Эргашевич билан узоқ йиллар елкадош бўлиб меҳнат қилган ҳамкасблари ва шогирдлари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар унинг меҳнат фаолиятидаги фидокорона хизматлари, корхона ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси ҳамда инсон сифатидаги юксак фазилатлари ҳақида самимий фикрлар билдиришди. Унинг садоқатли, ҳалол ва виждонли меҳнати барча учун намуна сифатида эътироф этилди.
Шерали Шукуров 1965 йил 5 март куни Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида туғилган. 1990 йилда Тошкент автомобиль транспорти ва йўллари институтини “Йўл қурилиши машиналари ва жиҳозлари” мутахассислиги бўйича муваффақиятли тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 1983 йилда бошлаган Шерали Эргашевич турли ташкилотларда чилангар, техник-механик ва механик лавозимларида самарали фаолият юритган. 1993–2000 йиллар давомида “Шўртан” газ конлари бошқармаси олтингугурт тозалаш цехида механик сифатида ишлаган. 2000 йилдан бошлаб “Шўртан газ кимё мажмуаси”да фаолиятини давом эттириб, турли лавозимларда, жумладан, Полиэтилен ишлаб чиқариш цехида катта механик сифатида 20 йилдан зиёд самарали меҳнат қилди. Унинг ташаббускорлиги ва масъулият билан ишга ёндашуви доимий равишда жамоа томонидан юқори баҳоланиб келинди.
Мажмуа раҳбарияти ва кўп минг сонли меҳнат жамоаси номидан Шерали Эргашевичга чин қалбдан миннатдорчилик изҳор этамиз. У кишининг нафақадаги ҳаёти мазмунли, фаровон ва бахтли ўтишига, оиласи даврасида соғ-саломат ва хотиржам кунлар кечиришларига тилакдошмиз.