“Спорт – мустаҳкам оиламиз пойдевори” шиори остида оилавий спорт мусобақаси бўлиб ўтди
Оила аъзоларини спорт орқали соғломлаштириш ва саломатлигини тиклаш масалалари оилада соғлом муҳитнинг барпо этилишида муҳим ўринга эга. Ана шу мақсадда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ташаббуси билан “Спорт-мустаҳкам оиламиз пойдевори” шиори остида Республика оилавий спартакиада мусобақасининг корхона босқичи "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Касаба уюшма қўмитаси томонидан мажмуа тасарруфидаги "Геолог" маданий спорт соғломлаштриш марказининг ёпиқ залида кўтаринки руҳда, белгиланган талаб меъёрлари даражасида ташкил этилди.
Мусобақаларни ўтказишдан асосий мақсад – ташкилотда ишлаётган ишчилар ва уларнинг оила аъзоларини спортнинг оммавий турларига қизиқтириш орқали меҳнат фаолияти самарадорлигини оширишга кўмаклашиш, уларни турли касб касалликларидан спорт ва соғлом турмуш тарзи асослари орқали муҳофаза қилиш ва спорт билан оилавий шуғулланиш кўникмаларини шакллантириш ҳамда спортнинг оммавийлигини оширишдан иборат.
Кескин курашлар остида ўтган мусобақада Механик таъмирлаш цехи чилангари Фаррух Бабаевлар, Уй-жойдан фойдаланиш хизмати йўриқчиси Нуриддин Ташмурадовлар ва Касаба уюшма қўмитаси йўриқчиси Неъмат Эшқобиловлар оилалари иштирок этишди. Уларнинг белгиланган топшириқлар юзасидан бажарган ишлари ҳакамлар томонидан баҳолаб борилди.
Мусобақа низомига кўра спортчи оилалар чаққонлик, эпчиллик, мерганлик ва кучлиликни намойиш этувчи шартларни бажариб, ўз иқтидор ва истеъдодларини намойиш этдилар. Мусобақада Эшқобиловлар оиласи 24 очко билан пешқадамлик қилган бўлса, Тошмурадовлар оиласи 16 очко билан 2 ўринни қўлга киритди, Бабаевлар оиласи 14 очко билан шоҳсупанинг 3 ўринига муносиб деб топилди. Иштирокчилар мажмуа Касаба уюшма қўмитасининг қимматбахо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Маълумот ўрнида мусобақанинг биринчи ўрин соҳиблари Қарши шаҳридаги Олимпия захиралари коллежида бўлиб ўтадиган вилоят босқичи баҳсларида иштирок этадилар.