March 25

"Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" доирасида Шўртан газ кимё мажмуасида ўқув машғулотлари ўтказилмоқда

"Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ объектларида профилактик тадбирлар ва ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Мазкур ойликдан кўзланган асосий мақсад – ишчи-ходимларнинг фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш, хавфсизлик чораларига риоя қилиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ва фавқулодда ҳолатларда тезкор қарор қабул қилиш маҳоратини шакллантиришдан иборат.

Тадбирлар доирасида ишчи-ходимларга ёнғин хавфсизлиги, газ чиқиши ва авария ҳолатларини аниқлаш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув хизматлари билан ҳамкорликда ҳаракат қилиш ҳамда эвакуация жараёнларини самарали ташкил этиш бўйича семинарлар ташкил этилмоқда.

Шунингдек, тактик ўқув машғулотлари ҳам амалга оширилмоқда. Ушбу машғулотларда ходимлар фавқулодда вазиятларда тезкор ва аниқ қарор қабул қилиш, жамоавий тартибда ҳаракат қилиш ҳамда қутқарув жараёнларини самарали ташкил этиш бўйича амалий тажриба орттирмоқда.

Бундай тадбирлар нафақат ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, балки корхона фаолиятининг барқарорлигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Маълумот учун, ҳукумат комиссиясининг тегишли баёнига мувофиқ, жорий йилнинг 15 мартидан 15 апрелигача республика бўйлаб "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" ўтказилмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|