October 12, 2023

Шўртан газ кимё мажмуаси меҳнат жамоасининг Конференциясида 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномаси маъқулланди

Бозор муносабатларига ўтиш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш шароитида корхоналарда ходимлар билан иш берувчилар ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни шартномалар асосида тартибга солиш, ижтимоий шерикчилик тамойилини ривожлантириш жамоа шартномаси ва келишувлари орқали амалга оширилади.

Хусусан, 2023 йил 13 октябрь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшмаси қўмитаси ўртасида 2022-2024 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2023 йилнинг 9 ойи давомида бажарилиши ҳамда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Меҳнат кодекси асосида тузилган 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган Конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Ўзбекистон энергетика, нефть ва газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси вилоят Кенгаши вакиллари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ маъмурияти, мажмуа Касаба уюшмаси қўмитаси жамоаси ҳамда мажмуанинг цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидан сайланган делегатлар иштирок этишди.

Йиғилишда дастлаб “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ жамоа шартномасининг 2021, 2022 йиллар кесими бўйича статистик маълумотлари ва 2023 йилнинг ўтган 9 ойи давомида бажарилган ишлар юзасидан ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси раиси А.Туракуловнинг ҳисобот маърузаси тингланди.

Маърузага кўра, ишчи-ходимлар йил мобайнида моддий, тиббий ва маънавий қўллаб–қувватланган. Шунингдек, самарали хизмат қилган ходимлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, ўз вазифасига виждонан ёндашаётган ишчи-ходимлар мунтазам равишда рағбатлантирилиб борилаётганлигига алоҳида урғу берилди.

Шунингдек, Шўртан газ кимё мажмуаси Бош директори Ш.Асланов сўз олиб мажмуада жамоа шартномасининг бажарилиши ва киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар юзасидан ижобий фикр мулоҳазаларини билдириб ўтди.

“Инсон қадри учун” деган тамойил ҳаётимизда тобора устувор аҳамият касб этиб бормоқда. Бинобарин, ушбу тамойил юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратиш, жамиятда инсон қадрини улуғлашни назарда тутади. Кейинги йилларда барча соҳалар қатори, нефт-газ ва кимё саноати соҳасида, шу жумладан, Шўртан газ кимё мажмуасида ҳам кенг кўламли янгиланишлар амалга оширилиб, соҳа ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жамоа шартномасига киритилаётган мазкур ўзгартиришлар ва кўшимчалар ҳам меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимларини, талабга мувофиқ бўлган кадрларни тайёрлаш сифатини таъминлашга, ходимларимиз ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилишига ишонаман - дейди Шўртан газ кимё мажмуаси Бош директори Ш.Асланов.

Шундан сўнг 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномаси лойиҳаси бўйича муҳокама бўлиб ўтди. Мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси мутасаддилари томонидан киритилаётган қўшимча ва ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, делегатлар томонидан берилган барча саволларга асосли равишда батафсил жавоблар берилди.

Конференцияда сўз олган делегатлар томонидан сўнги йилларда мажмуада амалга оширилаётган ижтимоий имтиёзларнинг амалий натижаси корхонада хизмат қилаётган ҳар бир ходимнинг кундалик фаолияти ва турмуш шароитида яққол намоён бўлаётгани алоҳида эътироф этилди.

Музокара ва муҳокамаларда иштирокчилар томонидан Шўртан газ кимё мажмуаси жамоа шартномасининг 2023 йилнинг ўтган 9 ойи бўйича бажарилиши қониқарли деб баҳоланди. Шунингдек, янгиланган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва Меҳнат кодексига асосан Жамоа шартномасига киритилаётган ўзгартиришлар ва қўшимчалар жамоа билан келишиб олинди ва бир овоздан 2023-2025 йиллар учун мўлжалланган жамоа шартномаси маъқулланди.

Таъкидлаш жоизки, жамоа шартномаси иш берувчи ва корхона ходимлари ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи, меҳнаткашларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, ахлоқий меъёрлар, меҳнат интизоми, ижтимоий имтиёзлар ва кафолатларни ҳимоя қилишни таъминлайдиган ҳужжатдир.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|