Шўртан газ кимё мажмуаси мутахассислари тажриба алмашиш мақсадида "Uz-Kor Gas Chemical" МЧЖ қўшма корхонасида бўлишди
Бугунги кунда юртимизда “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш мамлакат ривожланишининг муҳим йўналишларидан бири сифатида кўзда тутилган.
Бу борада нефть ва газ саноатини модернизациялаш ва диверсификациялаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уни чуқур қайта ишлаш, экспортга йўналтириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ушбу мақсадларда хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш борасида жадал ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мазкур жараёнларини амалга оширишда малакали кадрларга бўлган эҳтиёж ва талаб юқоридир. Шу муносабат билан Шўртан газ кимё мажмуасида ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда корхонанинг ёшлар билан ишлаш дастурига асосан салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Ушбу йўналишларда ҳам каттагина маҳорат мактаби ярата олган Шўртан газ кимё мажмуасида турдош корхоналар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, мутахассисларни билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида, бир гуруҳ ёш мутахассислар Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган "Uz-Kor Gas Chimical" МЧЖ қўшма корхонасида бўлишди.
"Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган "Uz-Kor Gas Chimical" МЧЖ қўшма корхонасига тажриба алмашиш, саноатда қўлланилаётган юқори технологияларни ўрганиш ва керакли жабҳаларда ўз тажрибам билан ўртоқлашиш учун яратиб берилган имкониятдир. Мен учун заводимиз фаолияти, халқимиз учун қолаверса, оилам учун нечоғлик аҳамиятли эканини англашга ва ўз касбимдан яна бир бор ғурур, ифтихор туйғусини туйишга имконият яратиб берди ва мен Шўртан газ кимё мажмуасида фаолият юритаётганимдан фахрланаман!" — дейди Шўртан газ кимё мажмуаси Электр таъминоти цехи электромонтёри Рустам Худойқулов
Мажмуанинг ёш мутахассислари "Uz-Kor Gas Chemical" МЧЖнинг ишлаб чиқариш фаолияти, технологик жараёнларни бошқариш услублари билан таништирилиб, соҳалар кесимида қўшма корхонада амалга оширилаётган ишлар борасида ўзларини қизиқтирган саволларга керакли жавобларни олган ҳолда, билим, кўникма ва тажриба алмашиш имкониятига эга бўлдилар.