April 3

Ёш мутахассислар ва раҳбарият ўртасидаги мулоқот янада мустаҳкамланмоқда

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва долзарб муаммоларини ўрганиш мақсадида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви анъанавий тарзда ташкил этилмоқда.

Январь ойида мажмуа Бош директори Шуҳрат Асланов, февраль ойида эса Бош муҳандис Шокир Эшмуродов иштирокида ёшлар билан учрашувлар ташкил этилган эди. Навбатдаги учрашув 2025 йил 28 март куни бўлиб ўтди. Унда Бош директорнинг ахборот технологиялари ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Фахриддин Куватов ҳамда турли бўлимларда фаолият юритаётган ёш мутахассислар иштирок этишди.

Учрашув давомида ёшларнинг иш жараёнидаги муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Айниқса, кадрларнинг касбий ривожланиши, янги технологияларни ўзлаштириш, малака ошириш имкониятлари ва ижтимоий шароитларни яхшилаш каби масалалар кенг муҳокама қилинди.

Фахриддин Куватов ёш кадрларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг касбий малакасини оширишга кўмаклашиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар режалаштирилганини таъкидлади. Шунингдек, ёш мутахассисларнинг ташаббуслари асосида ишлаб чиқилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тавсиялар берилди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита жавоб олиш имкониятига эга бўлишди. Учрашув якунида келгусидаги режалар белгилаб олинди ҳамда ёшлар томонидан билдирилган таклифларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.

Шўртан газ кимё мажмуасида ёшларнинг касбий ва шахсий ривожланишига қаратилган бундай учрашувлар мунтазам равишда ташкил этилиши режалаштирилган.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|