Шўртан газ кимё мажмуасининг ёш мутахассислари Белоруссиянинг Минск шаҳрида бўлиб ўтган "Оммавий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар" мавзусидаги халқаро семинарда иштирок этишди
Жорий йилнинг феврал ойида Белоруссиянинг Минск шаҳрида "Оммавий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар" мавзусига бағишланган Беларусь-Ўзбекистон касаба уюшмалари семинари бўлиб ўтди.
Оммавий ахборот ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича олиб борилаётган ишларни самарасини янада ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташкил этилган халқаро семинарда Ўзбекистон энергетика, нефть-газ ва геология ходилари касаба уюшмаси, нефть ва газ ҳамда энергетика соҳалари бирламчи касаба уюшмалари вакиллари ҳамда Шўртан газ кимё мажмуасининг фаол ёшлари ҳам иштирок этишди.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросими Минск шаҳрида жойлашган Миллий профмарказ штаб-квартирасида бўлиб ўтди. У ерда Беларусь касаба уюшмалари федерацияси раиси Елена Манкевич ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси матбуот котиби Муҳаббат Ўрмонбековалар сўзга чиқиб оммавий ахборот ва жамоатчилик билан ишлаш борасида касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар бўйича ўзаро фикр алмашишди.
Тадбир доирасида мамлакатимизнинг делегацияси «Мингаз» УКга ташриф буюриб, ходимларнинг меҳнат ва дам олиш шароитлари билан яқиндан танишишди. Шунингдек, Европадаги энг йирик маданият ва спорт мажмуаларидан бири – «Минск-Арена» дан ҳам бўлишди. Бундан ташқари, нефт-кимё мажмуаси ходимларининг қишки спорт байрамлари доирасида Ўзбекистон делегацияси шахмат, шашка, дартс, бильярд, ўқ отиш ва чанғи спорти бўйича ўртоқлик беллашувларида ҳам иштирок этишди. Мажмуа ёшлари дартс, бильярд, ўқ отиш ва чанғи спорти бўйича фахрли ўринларни эгаллаб, фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.