March 5, 2023

Тошкент кимё-технология институтининг профессор-ўқитувчилари "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ марказий лабораториясида амалиёт ўташмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-309 сонли “Нефт ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифалар доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ марказий лабораториясида Тошкент кимё-технология институтнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари учун амалиёт ўташ дастури ташкил этилган.

Дастурга мувофиқ жорий йилнинг феврал ойи давомида институтнинг 2 нафар таянч докторанти, мажмуа марказий лабораториясида амалга оширилаётган углеводородлар ва полиэтилен гранулаларини таҳлил ва синовларини кузатиш мақсадида мажмуада бўлишди.

Хусусан, илмий ходимлар турли хил маркадаги полиэтилен гранулаларининг ҳарорат билан ўзаро боғлиқлик хусусиятларини, дифференциал сканерловчи колориметр ёрдамида аниқланадиган, оксидланишга чидамлилик вақти (OIT-Oxidation Induction Times) кўрсаткичи ва Вика усулида полимерларни юмшаш ҳароратини аниқлаш синовларини мукаммал ўрганишди.

Илмий ходимлар амалиёт якунида ўзларининг докторлик диссертациялари учун, қимматли экспериментал маълумотларни тўплаганликларини таъкидлашди.

Маълумот учун, Шўртан газ кимё мажмуаси марказий лабораторияси, ўрнатилган жиҳозлар базаси ва ўтказиладиган таҳлил ҳамда синовларни турлари бўйича республикамизда етакчи салоҳиятдаги лабораториялардан бири ҳисобланади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|