"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва Тошкент кимё-технология институти ўртасида илмий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича учрашув ўтказилди
2025 йил 19 февраль куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассисларидан иборат делегация Тошкент кимё-технология институтида хизмат сафарида бўлди.
Сафар давомида институт ректори Б.Усмонов бошчилигида соҳа проректорлари, тегишли факультет деканлари, кафедра мудирлари ҳамда мажмуа мутахассислари иштирокида учрашув ташкил этилди.
Учрашув давомида мажмуа қошида ташкил этилган «Илғор муҳандислик мактаби»да муҳандис кадрларни дуал таълим асосида ўқитишни ташкил этиш, шунингдек, мактаб учун зарур намунавий ўқув стендларини яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳамкорликда «Spin-off» корхонасини ташкил этиш орқали қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, газни қайта ишлаш, энергетика, механика, полимерларни қайта ишлаш, полиэтилен билан боғлиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда яшил энергетика соҳаларида илмий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.