“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ходимлари учун Хоразм вилоятига саёҳат ташкил этилди
Юртимиз бой тарихи, ноёб меъморий обидалари ва маданий мероси билан сайёҳлар қалбини забт этмоқда. Хусусан, Хива шаҳрининг кўп асрлик ёдгорликлари ва ўзига хос муҳити ҳар бир юртдошимизни ўз илдизларини қайта кашф этишга чорлайди.
"9 май — Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан, жорий йилнинг 2–4 май кунлари “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида меҳнат жамоаси учун навбатдаги маънавий-маърифий саёҳат ташкил этилди. Саёҳатда жами 32 нафар ходим иштирок этди.
Саёҳат давомида қатнашчилар Хоразм вилоятининг юраги саналган Хива шаҳридаги бир қанча тарихий ва маданий обидаларни зиёрат қилишди. Жумладан, Ичан-Қалъа мажмуаси, Ниёз Муҳаммад Охунбобо жоме масжиди, Улли ҳовли қалъаси ва бошқа кўплаб қадимий ёдгорликлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Ташриф иштирокчилари нафақат тарихий обидалар билан танишишди, балки юртимиз тарихида муҳим ўрин тутган шахслар ҳаёти ва мероси, Хоразм маданияти ва меъморчилиги ҳақида қизиқарли маълумотларга ҳам эга бўлишди.
Ушбу саёҳат жамоа аъзоларининг бирдамлиги, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги дўстона муҳитни янада мустаҳкамлашга хизмат қилгани билан ҳам қимматлидир. Маънавий ҳордиқ, ижобий ҳис-туйғулар ва халқимиз меросига бўлган ҳурмат саёҳатнинг асосий самараси бўлди.