October 10, 2023

"Шўртан ГКМ" МЧЖда гриппга қарши вакциналаш тадбирлари олиб борилмоқда

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда куз-қиш мавсумида ходимлар ўртасида мавсумий грипп тарқалишини олдини олиш мақсадида мажмуага қарашли поликлиникада ишчи-ходимларни ихтиёрий равишда Нидерландияда ишлаб чиқарилган Инфлювак Тетра вакцинаси билан эмлаш ишлари олиб борилмоқда.

Барча вакциналар сингари гриппга қарши вакцина ҳам одам организмида 15 кун ичида микробларга қарши иммунитет ҳосил қилади. Таъсир кучи 1 йилгача сақланиб қолади. Бу касалликка қарши эмлаш орқали аҳоли орасидаги нафас йўли касалликларини камайтириш мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, эмлашдан сўнг касалликка чалиниш хавфи 70-90 фоизга камаяди. Грипп вирусига қарши вакцина билан эмлаш организмда вирусга қарши иммун тизимининг кучайишига олиб келади. Уларга грипп касаллиги юққан тақдирда ҳам енгил кечади.

Вакцинация жараёнида шахснинг умумий саломатлиги текширилади. Бу вақтда эмланадиган фуқаро шамоллаш, нафас олиш йўллари яллиғланиши каби касалликлардан батамом ҳоли бўлиши зарур. Шунингдек, вакцина таркибидаги компонентларга нисбатан аллергик таъсирчанлик ҳам бўлмаслиги керак.

Вакцина грипп билан боғлиқ инсон саломатлигига таъсир қилувчи ножуя асоратлар хавфини камайтиради. Шу сабабдан, айни кунларда гриппга қарши вакцина олиш тўғри танловдир.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|