Шўртан газ кимё мажмуасида "ШГКМ Ёшлари: ҳаракатдан - тараққиёт сари" форуми бўлиб ўтди
"2022-йил Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили" муносабати билан корхонада фаолият кўрсатаётган ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ишдан ташқари бўш вақтларида маданий хордиқ чиқаришлари учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қашқадарё воҳасининг Шаҳрисабз туманида жойлашган “Лочин” болалар дам олиш оромгоҳида "Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” шиори остида бўлиб ўтган навбатдаги "ШГКМ Ёшлари: ҳаракатдан - тараққиёт сари" форуми ҳам шулар жумласидандир.
Ҳозирги кунда Шўртан газ кимё мажмуасида меҳнат қилиб келаётган ишчи-ходимларнинг 21 фоизи яъни 800 нафардан ортиғини ёшлар ташкил этади.
Ёшларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларда бирдамлик ва жамоадошлик руҳиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган навбатдаги форумда, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнларига таъсир этмаган ҳолда режа-график асосида мажмуанинг 3800 нафардан ортиқ ишчи-ходимлардан 300 нафари иштирок этишди.
Форумнинг тантанали очилиш маросимидан сўнг, барча жамоаларнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди.
Қизиқарли беллашувларга бой бўлган мазкур форумда ҳам семинарлар, бадиий саҳна кўринишлари, спорт мусобақалари, зеҳн ва тафаккур билан бирга чаққонлик талаб этиладиган интеллектуал ўйинлар ташкил этилди.
Форумнинг дастлабки кунида “Биз бир жамоамиз!” шиори остида бўлиб ўтган чиқишлар барча иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
“Тўғри қарор - Правильное решение” мавзусида бўлиб ўтганг семинар-тренинглар форум қатнашчиларининг катта қизиқишларига сабаб бўлиб, ўзлари учун керакли кўникмалар олишларига хизмат қилди.
Семинар-тренингдан сўнг “Устоз - шогирд” ЗАКОВАТ беллашуи бўлиб ўтиб, унда иштирокчиларнинг интеллектуал қобилиятлари яна бир бор синовдан ўтказилди. Ўз номи билан устоз-шогирд заковат беллашувлари дея номланган ақл чархи баҳсида иштирок этган ёш ходимлар устозларидаги юқори интеллект, катта билим захирасининг улар учун маълум бўлмаган қирраларини айнан мана шу беллашувларда гувоҳи бўлдилар.
Ўйин якунидаги натижаларга кўра "Тараққиёт" жамоаси Заковат беллашуви ғолиблигини қўлга киритган бўлса, энг яхши ўйинчи дея ҳакамлар томонидан механиклар устози Зафар Яхёев эътироф этилди.
Куннинг иккинчи қисми спорт тадбирлари билан давом этиб, иштирокчилар футбол, волейбол, стол тенниси, шахмат, шашка каби спорт турларида беллашдилар.
Спорт мусобақалари якунларига кўра:
Футбол мусобақасида "Эверест" жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, Волейбол мусобақасиида "Универсал" жамоасига етадигани бўлмади. Ақл машқи ҳисобланган шахмат ва шашка ўйинлари якунига кўра, шахмат ўйинлари ғолиблиги Ҳасан Баратовга насиб этган бўлса, шашка бўйича Жамшид Негматов ғолиб деб топилди. Стол тенниси баҳсларида эса яна Зафар Яхёевга ғолиблик насиб этди.
Иккинчи кун якунидаги "Қувноқлар ва зукколар" жамоаларининг чиқишлари спорт тадбирларидан сўнг томошабинларга янада кўтаринки кайфият улашди. Унда чиқиш қилган Маиший хизмат кўрсатиш цехининг "Ахомикс", Ташқи сув таъминоти цехининг "Бошқача" ва Умумий овқатланиш цехининг "Магнит" жамоалари ўзларининг ўринли ҳазил-мутойибалари билан томошабинларнинг кўнглига анча манзур келадиган юморларни тақдим этган ҳолда ўзаро беллашдилар.
Беллашув якунларига кўра энг кўп балл тўплаган Маиший хизмат кўрсатиш цехининг "Ахомикс" жамоаси беллашув ғолиблигини қўлга киритди ва иштирокчилрга касаба уюшма қўмитаси томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Форумнинг учинчи куни, иштирокчилар миллийлигимиз рамзларидан бўлган “Устоз - шогирд” ош чемпионатида ўзларининг қанчалик қўли ширин ошпаз эканликларини қолганларга яна бир бор кўрсатиб беришга имконият берди десак муболаға бўлмайди.
Чемпионат якунига кўра Этилен ишлаб чиқариш цехининг "Позитив" жамоаси чемпионат мутлоқ ғолиблигини қўлга киритган бўлса, Термопласт цехининг "Экопласт" жамоаси иккинчи ва Назорат ўлчов асбоблари жамоасининг "Наватор" жамоаси учинчи ўринга лойиқ кўрилди.
Ош чемпионати якуни Қувноқ спорт эстафетаси баҳсларига уланиб кетди. Унда иштирок этган жамоалар ўзларинг қанчалик тезкор эканликлари ва жамоа бўлиб қанчалик яхши ҳаракат қилолишларини кўрсатишди.
Эстафета якунига кўра Электр таъминоти цехининг "Кучланиш" жамоаси ғолибликни қўлга киритди.
Спорт мусобақалари якунлангач, иштирокчиларнинг маданий хордиқ чиқаришларин таъминлаш мақсадида Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов номидаги мусиқали драма театри актёрлари иштирокида “Аршин мал алан” мусиқали спектакли намойиши бўлиб ўтди.
Кун якунида эса форумнинг ёпилиш маросими бўлиб, ташкилотчилар томонидан барча ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ташкил этилди.