October 11

ИЛҒОР МУҲАНДИСЛИК МАКТАБИ ИШ БОШЛАДИ

Жорий йилнинг 11 октябрь куни “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамкорлигида мажмуа ҳудудида ташкил этилган “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев, Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ, "Uzbekistan GTL" МЧЖ ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, муҳандис-технологлар, талабалар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Тадбирни кириш сўзи билан очиб берган вилоят ҳокими Муротжон Азимов юртимизда илғор муҳандислик мактабларининг ташкил этилишидан кўзланган асосий мақсадлар ҳақида тўхталиб ўтди ва янги бино фойдаланишга топширилиши муносабати билан барча тадбир иштирокчиларини табриклади.

"Сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда инновация, илм-фан бўйича катта ислоҳотлар амалга ошириляпти. Ажратилаётган маблағлар салмоғи ошаяпти, шароитлар яратиляпти. Лекин, илм-фан ва ишлаб чиқариш узвийлигини боғлаш, малакали муҳандислар тайёрлаш бўйича ишларимиз ҳали кўп", — деди вилоятимиз раҳбари.

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққанлар бу каби илғор муҳандислик мактаблари мамлакатимизда мутахассислар тайёрлаш жараёнини замонавий талаблар асосида қайта ташкил этиш ва саноатга ёрдам беришда катта аҳамиятга эга эканлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари илғор муҳандислик мактаби ўқув биноси ва лабораториялари билан яқиндан танишдилар. Талабалар билан мулоқот олиб бордилар.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, "Газ-кимё ва энергетика" илғор муҳандислик мактабида нефт ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрланади.

Ушбу даргоҳда 2024-2025 ўқув йили давомида 24 нафар магистр, 6 нафар ёш олим ва докторантлар илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш, корхонанинг илмий технологик муаммолари бўйича жами 3,0 млрд. сўмлик 3 та илмий лойиҳа бажарилиши режалаштирилган.

Илғор муҳандислик мактаби талабаларига Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳамда Малайзиянинг Петронас технологиялар университети, Германиянинг Дрезден техника университети, Россиянинг Томск техника университети, Беларус миллий техника университети профессор-ўқитувчилари, корхонанинг кўп йиллик тажрибага эга малакали мутахассислари сабоқ беради.

Шунинг баробарида дарс машғулотлари жаҳондаги ТОП-300 университетларнинг чуқурлаштирилган модулли ўқув дастурлари, ўқув режалари, хорижда чоп этилган дарслик ва ўқув қўлланмалар асосида ўтказилади.

Мазкур замонавий илм даргоҳи жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз раислигида муҳандис кадрларни тайёрлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш борасидаги ишларнинг амалий натижасидир.

Шунингдек, тадбир доирасида вилоят ҳокими Муротжон Азимов ва "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ, "Uzbekistan GTL" МЧЖ заводларида фаолият олиб бораётган ёш муҳандислар ҳамда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти талабалари ўртасида "Ҳоким ва муҳандис ёшлар учрашуви" бўлиб ўтди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ташкил этилиб, унда ёшларнинг таклиф ва мулоҳазалари тингланди.

Мулоқот давомида вилоят ҳокими Муротжон Азимов юртимизда ёшларга қаратилаётган эътиборнинг моҳияти ҳақида сўз юритдилар. Вилоят ҳокими соврини учун ўтказилаётган турли танловлар, мусобақалар йўналишини янада кўпайтириш ҳақида фикрлар билдирилди.

Шунингдек, жорий йилда мамлакатимизда ўтказиладиган сайловлардаги янгиланишлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Бу каби сиёсий жараёнларда ёшларнинг фаоллиги муҳим эканлиги алоҳида таъкидланди.

Тадбир якунида, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ томонидан Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 4-босқич талабалари орасидан иқтидорлиларини танлаб олиш мақсадида ўтказилган стипендия ва амалиёт дастурлари ғолибларига сертификатлар топширилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|