August 18, 2023

“Энергетика хотин-қизлари халқаро форуми”

Жорий йилнинг 16-18 август кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрининг пурвиқор тоғлари бағрида жойлашган “Лочин” болалар дам олиш оромгоҳида Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, "Ўзбекнефтгаз" АЖ хотин-қизлар қўмитаси ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ҳамкорлигида "Ўзбекистон аёли - соғлом оила ва соғлом жамият тимсоли" шиори остида “Энергетика хотин-қизлари халқаро форуми” ўтказилди.

Форумдан асосий мақсад юртимизда ва ҳамдўст давлатларнинг энергетика ва нефт-газ соҳасида меҳнат қилаётган хотин-қизларни ўзаро фикр ва тажриба алмашишини таъминлаш, уларнинг маънавий дунёсини бойитиш, уларда бирдамлик ва жамоадошлик руҳиятини шакллантириш, илмий, ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, оиласи ва жамиятда ҳамда илмий-ижодий фаолиятида эришаётган ютуқларини ибрат сифатида кўрсатиш орқали хотин-қизларни илмли бўлишга ундашга тарғиб қилишдан иборатдир.

Форумда Энергетика вазирлиги ва "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизимидаги корхоналарда ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда фаолият олиб бораётган хотин-қизлардан иборат 200 нафарга яқин иштирокчилар, шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Татаристон мамлакатларининг энергетика ва нефт-газ саноати корхоналардаги мавжуд касаба уюшма қўмиталарининг 10 нафар вакиллари иштирок этишди.

Даставвал форумга ташриф буюрган чет эллик меҳмонларни юртимизнинг тарихи ва миллатимиз қадриятлари билан яқиндан таништириш мақсадида кўҳна ва боқий Самарқанд ҳамда сўлим Шаҳрисабз шаҳарларига саёҳат уюштирилди.

Шундан сўнг "Лочин" болалар дам олиш оромгоҳида барча форум иштирокчиларини кутиб олиш маросими бўлиб ўтди ва форумга старт берилди.

Дастлаб форум модераторлари томонидан форум дастурининг тақдимоти ўтказилди ва иштирокчиларга форумдан кўзланган мақсадлар, кўзда тутилган тадбирлар ҳақида маълумотлар берилди.

Дастурга мувофиқ форум иштирокчиларини 10 та жамоаларга бўлган ҳолда юртимиздаги малакали коуч-тренерлар кўмагида "Соғлом аёл-соғлом жамият" мавзусида семинар тренинглар ташкил этилди.

Қизиқарли ва интерфаол усулларда ўтказилган семинар-тренинглардан сўнг Шўртан газ кимё мажмуасининг хотин-қизлари томонидан тайёрланган "Аждодлар мероси-гўзал атласим!" ҳунармандлар кўргазмаси ҳамда "Замонлар оша-маданий мерос" миллий фольклор намойиши бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, форумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қашқадарё вилояти ҳоким ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи К.Каромова, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилояти Кенгаши хотин-қизлар комиссияси раиси Д.Тўхтаева, Ўзбекистон Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Ю.Адилова, "Ўзбекнефтгаз" АЖ хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси ўринбосари Г.Собирова ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Д.Осимовалар сўз олиб, бугунги кунда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга моддий ёрдам кўрсатиш, оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда уларга кўмаклашиш ва рағбатлантириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар ҳақида ҳамда қўшни давлатлар билан олиб борилаётган ҳамкорликлар ҳақида маълумотлар берилди.

Юқори савияда ташкил этилган очилиш маросимидан сўнг, иштирокчиларни илм олишга, китоб ўқишга, изланишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган "Брэйн ринг" интеллектуал шоуси бўлиб ўтди.

Қизиқарли ва мантиқий саволларга бой бўлган ақл чархи баҳсида "Шўртан газ кимё мажмуаси" хотин-қизларидан иборат бўлган 1- жамоа ва Чет эллик иштирокчилардан иборат 10- жамоа ғолибликни қўлга киритишди.

Форумнинг иккинчи кунида "Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва уларга берилаётган имтиёзлар, гендер тенглик" мавзусида семинар ҳамда мантиқий фикрлаш ва чаққон ҳаракатларни талаб этувчи квест тренинги ўтказилди.

Куннинг иккинчи қисми спорт тадбирлари билан давом этиб, иштирокчилар қувноқ спорт ва сув полоси каби спорт турларида беллашдилар.

Спорт мусобақалари якунларига кўра: Қувноқ спорт мусобасида "Ўзбекнефтгаз" АЖ таркибидаги турдош корхоналарда фаолият олиб борувчи хотин-қизлардан иборат 8-жамоа, Сув полосида "Шўртан ГКМ" МЧЖ хотин-қизларидан иборат 1-жамоа ғолибликни қўлга киритишди.

Шундан сўнг, Қашқадарё вилоят мусиқали драма театри томонидан тақдим этилган "Замонлар оша - маданий мерос" шоу дастури ва "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ хотин-қизларидан иборат "Қувноқлар ва зукколар" жамоаси чиқишлари спорт тадбирларидан сўнг иштирокчиларга янада кўтаринки кайфият улашди.

Кун якунида эса форумнинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди ва ташкилотчилар томонидан барча ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ташкил этилди.

Форум учун тайёрланган мушаклар шоуси ҳамда гулхан атрофида ташкил этилган концерт дастури иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|