"Шўртан ГКМ" МЧЖда жорий таъмирлаш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ раҳбарияти ҳамда Энергетика вазирлиги масъул ходими томонидан, мажмуада октябрь ойида амалга оширилиши режалаштирилган жорий таъмирлаш ишларига тайёргарлик, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳамда энергия тежамкорлик тадбирлари бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати кўздан кечирди.
Дастлаб, технологик жараёнларнинг иш самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш мақсадида амалга ошириладиган жорий таъмирлаш ишларига тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди. Хусусан, таъмирлаш ишларида зарур бўладиган моддий-техника ресурслар заҳираси ҳамда таъмирлаш бригадаларининг иш режаси атрофлича таҳлил қилинди.
Шунингдек, ишчи-ходимларни иш жойига ўз вақтида ва хавфсиз етказиб келтириш ҳамда олиб кетиш ишлари, таъмирлаш ишлари олиб бориладиган кунларда ишчи ва муҳандис-ходимлар учун навбатчилик даврида яратиладиган шароитлар, турдош корхоналар ва хорижий компаниялардан жалб қилинадиган мутахассислар учун ташкил этилган қулайликлар ҳам кўздан кечирилди.
Таъмирлаш жараёнида ишчи-ходимларнинг меҳнат фаолияти хавфсиз кечишини таъминлаш мақсадида яратилган шарт-шароитлар, иситиш тизимларининг барқарор ишлаши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, мажмуада энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергия тежамкорлик тадбирлари бўйича амалга оширилаётган ишлар назоратдан ўтказилди.
Масъулларга кузатув давомида қайд этилган масалалар бўйича қўшимча топшириқлар берилди. Хусусан, таъмирлаш ишлари даврида мавжуд ресурслардан тежамкор ва оқилона фойдаланиш, техника хавфсизлиги қоидаларини кучайтирилган тартибда таъминлаш, объектларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш ҳамда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва тежамкорлик тадбирлари доирасида амалга оширилаётган ишларни жадаллаштириш бўйича кўрсатмалар берилди.